“Андижон музқаймоғи” эндиликда “Анжан музқаймоғи” бренд номи билан ҳимоя қилинади

“Андижон музқаймоғи” эндиликда “Анжан музқаймоғи” бренд номи билан ҳимоя қилинади

Тез суратларда ҳалқ орасида машҳур бўлган “Андижон музқаймоғи” республикамизнинг барча ҳудудларига етиб борди ва ўзининг ноодатий таъми билан харидорларнинг ишончи ҳамда меҳрига сазовор бўлди. Аммо шу кунларда қаерга қараманг асл “Андижон музқаймоғи”нинг сифатига мос келмаган, контрафакт маҳсулот турлари кўпайиб, кўчаларда гуёки самолёт орқали Андижондан олиб келинган деган ёлғон маълумот билан сотилмоқда.

Дарҳақиқат, Бухоро, Самарқанд, Тошкент ҳатто Қорақалпоғистонда ҳам ҳақиқий “Андижон музқаймоғи” сингари унинг сифатсиз турлари тарқалиб улгурди. Бу эса асл маҳсулот эгасининг тадбиркорлик фаолиятига жиддий зиён етказди. Натижада “Андижон музқаймоғи”нинг эгаси яъни тадбиркор Ҳ.Мадрахимовнинг ўз брендини ҳимоя қилишга эҳтиёжи юзага келди.

Куни кеча тадбиркор Ҳ.Мадрахимов Интеллектуал мулк агентлигига "Андижон музқаймоғи"ни ўзгартиган ҳолда “Анжан музқаймоғи” товар белгисини тезкор экспертиза орқали рўйхатдан ўтказиш учун талабнома топширди ҳамда унга Агентлик томонидан гувоҳнома тақдим этилди.

“Андижон музқаймоғи” эндиликда “Анжан музқаймоғи” бренд номи билан ҳимоя қилинади

Энди халқ севиб истеъмол қилаётган ушбу музқаймоқ “Анжан музқаймоғи” брендига айланди. Демак келгусида кимда-ким ушбу бренд номи билан музқаймоқ ишлаб чиқарса қонунда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Биринчидан, товар номини муҳофазалаш орқали тадбиркорлар ўз маҳсулотларидан бошқаларнинг рухсатсиз фойдаланиши ҳамда сохта ёки контрафакт нусхалари пайдо бўлишидан ҳимоя қилса, иккинчидан, брендни ривожлантириш орқали товарнинг қиймати ошади, қўшимча даромад олишига ва ўз фаолиятини янада кенгайтиришига сабаб бўлади.

Шуни таъкидлаш лозимки, Агентлик бу каби маҳаллий бренларнинг ривожланишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди ва брендларнинг контрафакт нусхаларини кўпайишига қарши жадал кураш олиб боради ҳамда уларнинг жавобгарликка тортилишини таъминлайди.