Андижон шаҳар прокурори ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура эса буни рад этмоқда

Андижон шаҳар прокурори ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура эса буни рад этмоқда

Халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгашининг 2021 йил 17 май куни бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида Шуҳратбек Каримовни депутатлик дахлсизлигидан маҳрум қилишни сўраб тақдимнома киритган Андижон шаҳар прокурори Қурбонали Асқаров ишдан олингани ҳақида хабарлар тарқалди. Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов айни пайтда у расман вазифасидан озод қилинмаганини маълум қилди.

Kun.uz билан гаплашган бир неча манба шаҳар прокурори бир неча кундан буён ишга чиқмаётгани, шаҳар ҳокимлигида ўтказилаётган йиғилишларда ҳам иштирок этмаётганини айтишмоқда. Прокуратура органларидаги манба Қурбонали Асқаров 18 май куни кечки пайт хонасидан нарсаларини йиғиштириб чиқиб кетганини маълум қилган.

Қолаверса, Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов томонидан вилоятда ёшлар форумини ўтказиш бўйича ташкил этилган йиғилишда ҳамма туман ва шаҳарларнинг сектор раҳбарлари тўлиқ иштирок этгани, фақатгина Қурбонали Асқаров ушбу йиғилишда қатнашмаган.