Андижон вилояти ҳокимлиги мансабдор шахсларига ҳукм ўқилди

Андижон вилояти ҳокимлиги мансабдор шахсларига ҳукм ўқилди

Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидов маълум қилди:

“2021 йил 4 июнь куни Андижон вилояти судида Андижон вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги “Кичик саноат зоналарини бошқариш ягона дирекцияси” бош мутахассиси лавозимида ишлаган Ойбек Абдужалилов, “Универсал водий гипс” МЧЖ раҳбари лавозимида ишлаган Абдулҳамид Усвалиев, фуқаро Абдураҳмон Усвалиев ва Андижон вилояти ҳокимлиги Иқтисодий тарақиёти ва камбағалликни қисқартириш Бош бошқармаси ғазначиси лавозимида ишлаган Умиджон Солиевга оид жиноят ишини кўриб чиқди.

Иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, судланувчи О.Абдужалилов вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Кичик саноат зоналарини бошқариш ягона дирекцияси” бош мутахассиси вазифасида 2019 йил 1 ноябрдан ҳозирги кунга қадар ишлаб келиб, вилоят ҳокимлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси хўжалик мудири-кассир У.Солиев ҳамда Абдулҳамид ва Абдураҳмон Усвалиевлар билан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ бўлганлари ҳолда жабрланувчи И.Дадаходжаевга Хўжаобод туман ҳокимияти мансабдор шахслари орқали туман ҳудудидан чорвачилик фермер хўжалиги ташкил қилиш учун жами 100 гектар ер майдони ажратиб, ҳужжатларини тайёрлаб беришлари эвазига, фирибгарлик йўли билан уни жами 135 000 АҚШ доллари миқдорида пора беришга далолат қилиб, И.Дадаходжаевдан 2021 йил 26 март куни ушбу пуллар ҳисобидан дастлаб 7 000 АҚШ долларини олиб, 2021 йил 29 март куни қолган 128 000 АҚШ долларини Андижон шаҳар, Бўстон даҳасида жойлашган “УзДонгЯнг-Ко” қўшма корхонаси олдида олаётганларида ДХХ ҳамда ИЖҚК департаменти Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан хамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида ушланган.

Шунингдек, шу куни О.Абдужалиловнинг ихтиёрий розилигига кўра давом эттирилган тезкор тадбирда, вилоят ҳокимлиги Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси хўжалик мудири-кассир вазифасида ишлаб келган У.Солиев жабрланувчи И.Дадаходжаевдан Хўжаобод туман ҳокимияти мансабдор шахслари орқали туман ҳудудидан чорвачилик фермер хўжалиги ташкил қилиш учун ер майдони ажратиб, ҳужжатларини тайёрлаб бериши эвазига пора беришга далолат қилиб, фирибгарлик йўли билан талаб қилинган 135 000 АҚШ доллари миқдоридаги пуллардан ўзига тегишли 70 000 АҚШ долларини жиноий шериги О.Абдужалиловдан Андижон шаҳар, Пушкин кўчасида жойлашган Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиалининг автотураргоҳида олган вақтида ДХХ ҳамда ИЖҚК департаменти Андижон вилояти бошқармаси ходимлари томонидан ушланган.

Юқоридаги қайд этилган жиноий ҳаракатлар учун О.Абдужалилов Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга 3 йил мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил 6 ой, Абдулҳамид Усвалиев Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга 10 йил 2 ой, Абдураҳмон Усвалиев Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга 10 йил 2 ой, У.Солиев Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 28,211-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, унга 3 йил мансабдорлик лавозимлари ва моддий жавобгарлик юклатилган вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 10 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазолари тайинланди”.