Андижонда газ муаммоси туфайли одамлар норозилик билдириб кўчада тўпланди (видео)

Андижонда газ муаммоси туфайли одамлар норозилик билдириб кўчада тўпланди (видео)

Ижтимоий тармоқларда Андижон шаҳрининг «Ҳамдўстлик» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси бир қатор масалалар юзасидан ўз норозиликларини билдириб, шаҳарнинг Ўзбекистон кўчаси ва Бобур шоҳ кўчаси кесишмасидаги йўлнинг қатнов қисмини тўсишга уринаётгани акс этган видеолар тарқалди.

Маълум бўлишича, воқеа 10 декабрь куни кеч соат 19:20лар чамасида юз берган. Воқеа жойига вилоят ҳокими ўринбосари Иброҳимжон Холматов, Андижон шаҳри ҳокими Баҳромжон Ҳайдаров, сектор раҳбарлари, «Ҳудудгаз Андижон» мутасаддилари етиб борган. Аҳоли билан учрашув ўтказилиб, уларнинг шикоятлари тингланган.

Kun.uz нашрининг хабар беришича, Kun.uz мухбири «Ҳудудгаз» газ таъминоти филиали бош муҳандиси Акрамжон Мирзаҳматов билан суҳбатлашган.

«Фуқароларнинг газ таъминоти билан боғлиқ саволларига ойдинлик киритиш мақсадида «Ҳудудгаз Андижон» газ таъминоти филиали ва «Андижоншаҳаргаз» газ таъминоти бўлими ходимлари ўрганишлар олиб боришди.

Таъкидлаш жоизки, шу кунларда Андижон вилоятидаги аҳоли пунктларини табиий газ билан таъминлашда босимнинг кескин пасайиши кузатилмоқда. «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан тақдим этилган факсограмма маълумотига кўра, «Янгиер» компрессор станциясида авария ҳолатлари юзага келгани сабабли Фарғона водийсига газ келтирувчи магистрал газ қувурларида босим пасайиши кузатилган.

Шунга кўра, Андижон вилояти, хусусан Андижон шаҳрининг Ҳамдўстлик МФЙ ҳудудида ҳам газ таъминотида узилишлар юзага келган», – деган А.Мирзаҳматов.

Бош муҳандиснинг қўшимча қилишича, «Кўмакай» газ тақсимлаш шохобчасидаги «Андижон-1» тармоғининг табиий газ етказиб берувчи қувурларида табиий газ босими 17–20 кг/см² дан 3 кг/см² атмосферага қадар пасайиши натижасида 1,5 мингдан зиёд аҳоли хонадонларининг газ таъминотида ҳам қийинчиликлар вужудга келган.

Айни вақтда аҳоли пунктларидаги газ таъминотини тиклаш ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Маълумот учун, ўтиб бораётган ҳафтада шунга ўхшаш ҳолат Бухоро вилоятида ҳам кузатилганди. Аввалига Бухоро тумани, кўп ўтмай Қўракўл туманида аҳоли вакиллари газ таъминотидаги муаммолар сабаб автомобиль йўлини тўсиб қўйган эди.