Бош прокуратура: Андижонда жойнамоз устидаги қайнона келини томонидан ўлдирилмаган

Бош прокуратура: Андижонда жойнамоз устидаги қайнона келини томонидан ўлдирилмаган

Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятида келин қайнонасини жойнамоз устида кетмон билан чопиб ўлдиргани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Бош прокуратура ушбу ҳолат юзасидан баъзи маълумотларни баён қилди.

Аниқланишича, М.Э. (эркак) 14 апрель куни соат 17:42 ларда ўзи яшаб келаётган Марказ маҳалласи Маориф кўчаси 27-уй олдида мазкур хонадонда яшовчи М.Э. (аёл) билан юқорида кўрсатилган хонадонни девор билан бўлиш масаласи юзасидан ўзаро тортишиб, М.Э. қўлида бўлган кетмон билан М.Э.нинг бош қисмига уриб, оғир шикаст етказиб, унинг ўлимига сабабчи бўлган.

Ушбу ҳолат Олтинкўл тумани ИИБ навбатчилик қисмидаги 1-Шакл китобида 14 апрель куни рўйхатдан ўтказилиб, ҳодиса жойи катта терговчи Ш.Т. томонидан кўздан кечирилиб, баённома расмийлаштирилган, ҳодиса жойи чизмаси ва фотожадваллар тузилган. Кўздан кечириш давомида 2 дона хўжалик кетмони, 1 дона темир кетмон ва қонга ўхшаш доғлардан намуналар олинган, шунингдек, М.Э.нинг мурдаси мутахассис А.Р. иштирокида кўздан кечирилган.

Иш бўйича 14 апрелда М.Э.нинг мурдаси бўйича суд-тиббий экспертиза тайинланиб, экспертнинг 19 майдаги хулосаси олиниб, иш ҳужжатларига қўшилган. Эксперт хулосасида М.Э.нинг мурдасида бош мия ёпиқ шикасти, бош гумбаз ва асос суякларининг очиқ синиши, бош мия тўқимасининг мажақланиши, бош мия лат ейиши, бош мия тўқимасига қон қуйилиши, узунчоқ мия, Воралиев кўприги, мияча, ўрта мия ва орқа мия бўйин соҳалари пардалари остига, мия тўқималарига ўчоқли қон қуйилишлари, бош ўнг чакка тепа соҳасида чопилган ва лат еб йиртилган яралар, бош ўнг чакка тепа соҳасида тери ости қон қуйилиши, ўнг кўз юқори ва пастки қовоқлар, ўнг қулоқ супраси соҳаларида шилинма ва қонталашлар, ўнг қўл 5-кафт суягининг очиқ синиши, чап ва ўнг қўл ўнг ён бош соҳаларида шилинмалар, қонталашлар аниқлангани, ушбу жароҳатлар унинг ўлимига сабабчи бўлгани кўрсатилган.

Таъкидланишича, гумон қилинувчи М.Э.дан 14 апрелда олинган қон намунаси бўйича ўтказилган суд кимёвий экспертизасининг 5 майдаги хулосасида тақдим этилган қон намунасида 1,5 фоиз этил спирти борлиги аниқланган. Марҳума М.Э.нинг ҳодиса вақтида эгнида бўлган уст бош кийимлари баённома орқали олиниб, иш бўйича судга оид тиббий криминалистика ва биология экспертизалари тайинланган, ҳозирда хулосаси кутилмоқда.

Шунингдек, М.Э. 14 апрель куни Жиноят процессуал кодекснинг 221-тартибида ушланиб, унга нисбатан 15 апрель куни Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» банди билан айб эълон қилиниб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси тайинланган. Айбланувчи М.Э. ўзининг кўргазмаларида М.Э. яшаш хонадонидан кетмон олиб чиқиб, «вой-дод, мени уряпти» деб бақиргани сабабли ун барибир урди деб туҳмат қилади деб, қўлидаги кетмонни олиб, бошига бир маротаба урганини билдирган.

Қайд этилишича, иш бўйича асосий гувоҳ ҳисобланган Ў.У. айбланувчи М.Э. яшаш хонадони ичкарисида усталар билан жанжаллашиб, уларни қувлаб кўчага кетмон билан чиққани, шу вақтда кўчада марҳума М.Э. турганини кўриб, унинг олдига кетмон билан югуриб бориб, бир марта кетмоннинг кесувчи қисми билан бошига уриб, М.Э.ни ерга йиқитганини, сўнг кетмон билан қолган усталар томонга урмоқчи бўлиб кетаётганида қўлидаги кетмонни ўша ерда бўлган усталар олиб қўйиб, уни ушлаб, ички ишлар ходимларига топширганини билдирган. Жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан олиб борилмоқда.