Андижонда хитойлик инвесторнинг фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувохнома топширилди

Андижонда хитойлик инвесторнинг фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувохнома топширилди

Хитой Халқ Республикаси фуқаролари Хуанг Лианжун ҳамда Шу Жуанжунларнинг Балиқчи туманида туғилган фарзанди Хуанг Хиаобонинг туғилганлик ҳақидаги гувохномаси топширилди.

2021 йил 27 март куни Балиқчи тумани фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимига хитойлик фуқаролар Хуанг Лианжун ҳамда Шу Жуанжунлар 2020 йилнинг 2 декабрь куни Балиқчи туман туғруқ комплексида дунёга келган фарзандига туғилганлигини қайд этишда амалий ёрдам сўраб, мурожаат қилган.

Уларнинг мурожаати тегишли тартибда кўриб чиқилиб, болаларнинг ҳақиқатан ҳам Балиқчи туманида туғилганлиги тасдиқлангач, Балиқчи туман ФҲДЁ бўлими томонидан далолатнома ёзувлари қайд этилган.

Куни кеча ушбу хорижлик фуқароларнинг Хуанг Хиаобо исмли ўғлига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома тантанали равишда топширилган.

-Ўзбекистон менинг иккинчи Ватаним десам янглишмайман, дейди Хуанг Лианжун. - Боиси ушбу жаннатмонанд диёрда ўн йилдан буён яшаб келаяпман. Айни пайтда чинни буюмларни ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи "Миг фарфор" масъулияти чекланган жамияти раҳбари сифатида фаолият юритмоқдаман. 2020 йил оиламиз учун қувончли воқеаларга бой бўлди. Боиси ўтган йилда корхонамиз фаолиятини кенгайтириш мақсадида 1 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиб, йиллик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватини 7 миллиард сўмга етказдик. Шу билан бирга 150 нафардан ортиқ фуқарони иш билан таъминлашга эришдик. Бундан ташқари йил охирида ўғил фарзандли бўлдик. Унга Хуанг Хиаобо деб исм қўйдик. Ўзбекчасига ўғлимизни “Темурбек” деб чақираяпмиз. Орадан 4 ойга яқин вақт ўтган бўлсада бугун ўғлимизнинг туғилганлиги қайд этилганидан хурсандмиз. Мурожаатимизни қайтармасдан ишимизни осон ҳал қилиб беришда ўзини хизматларини аямаган ФҲДЁ ходимларига ўз миннатдорлигимни билдираман. Ўзбекистонни яхши кўраман.

Қайд этиш лозим, жорий йилнинг 1 апрелига қадар шаҳар ва туман ФҲДЁ бўлимлари томонидан 10 га яқин хорижлик фуқароларнинг Андижон вилоятида туғилганлиги қайд этилган.

ДХА Андижон вилояти бошқармаси

ахборот хизмати