Андижондаги «тошбўрон» бўйича расмий хабар берилди

Андижондаги «тошбўрон» бўйича расмий хабар берилди

Ижтимоий тармоқларда «ИИБ ходимлари маҳалланинг уюшган жиноий тўдага айланган фуқаролари томонидан тошбўрон қилинди» сарлавҳали видеохабар бўйича Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати томонидан расмий муносабат билдирилди.

Ушбу видеохабарда Андижон вилояти, Балиқчи тумани, Алам маҳалласида содир бўлган ҳолат баён этилган.

Ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлар олиб борилган.

Аниқланишича, Балиқчи тумани, Аълам МФЙда яшовчи А.Б туман Сувоқава ташкилотига тегишли бўлган сув қазиб чиқариш иншооти ва ҳудудини ўзининг томорқасига ноқонуний қўшиб олганлиги ва девор билан ўраб олганлиги, агар сув иншооти носоз ҳолга келса, таъмирлаш учун келган фуқароларни бу ҳудудга ўтишга тўсқинлик қилаётганлиги учун маҳалла аҳолиси билан ушбу оила ўртасида низо юзага келганлиги маълум бўлди.  

Мазкур масала, Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан тумани судида ўтган 2021 йилнинг 28 май куни кўриб чиқилиб, маҳалла аҳолиси фойдасига ҳал этилган. Ушбу ноқонуний қурилган бинони бузиш учун суд томонидан муддат белгиланган.

МИБ ҳамда туман мутасадди раҳбарлари томонидан ушбу қарорга асосан А.Б.га ноқонуний қурилишни бузиш кераклиги тушунтирилган бўлсада, у томонидан бунга қаршилик қилиниб, девор бузилмаган.