«Андижоннинг 3 миллион халқи сизни боқяпти, сиз уларни эмас». Иқтисодчи Отабек Бакиров тадбиркорларни ҳақорат қилган Андижон вилояти ҳокимига мурожаат қилди

«Андижоннинг 3 миллион халқи сизни боқяпти, сиз уларни эмас». Иқтисодчи Отабек Бакиров тадбиркорларни ҳақорат қилган Андижон вилояти ҳокимига мурожаат қилди

Telegram’даги «Bakiroo» канали муаллифи, иқтисодчи Отабек Бакиров «Улар» лойиҳасига берган интервьюсида Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг «андижонлик қайси ифлос менга бир сўмини бериб қўйяпти?» дея айтган гапларига ўз муносабатини билдирди.

Аввалроқ Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновнинг овози ёзилган яна бир аудиоёзув интернетда тарқалганди. Унда вилоят раҳбари Андижонда олиб борилаётган ишлар ҳақида гапирган баъзи кишиларни «сассиқ» деб атаган. Шунингдек, аудиода унинг «андижонлик қайси ифлос менга бир сўм пулини бериб қўйяпти?» деганини, Андижон ва Наманганни ўзаро солиштириб айтган гапларини эшитиш мумкин.

Интервью давомида Отабек Бакиров Андижон вилояти ҳокимининг бу турдаги гапларига эътироз билдириб, у минаётган Tahoe вилоятдаги тадбиркорлар ҳисобидан олинганини эслатиб ўтган.

Андижон вилояти ҳокимининг аудиоёзуви тарқалди. Вилоят ҳокими тадбиркорлар тўлаётган солиқдан Tahoe миниб юрибди, лекин ўша тадбиркорни «тўнғиз» деб сўкаяпти. Яъни ўша тадбиркор бош вазирга савол билан мурожаат қилмоқчи бўлган, савол билан мурожаат қилмаган ҳали, савол билан мурожаат қилиш хоҳиши пайдо бўлгани учун уни «тўнғиз» деб сўкаяпти…

Синизмнинг кенглигини тушуняпсизми? Айнан бу ҳокимни қабул қила олмаганим сабаби — ҳар икки гапининг бирида «Мен Андижон вилоятининг уч миллион халқини боқаяпман» дейди. Мен ўша ҳокимга кадрдан, эфирдан туриб гапирмоқчиман — Андижон вилоятининг 3 миллион аҳолиси сизни боқаяпти, сиз уларни эмас».

Отабек Бакиров, иқтисодчи