Жорий йилнинг 19 апрель куни, маҳаллий вақт билан кечки соат 21:20 ларда Англия жануби-шарқидаги Эссекс ҳудуди осмонида бир неча ўнлаб липилловчи оловлар кўринган:
Табиийки, уни кўриб чўчиб кетган кишилар турли тахминлар билдира бошлашган – дастлаб уларни метеорит ёмғири, деб ўйлашган. Учаётган оловлар бир чизиққа терилиб юқорига кўтарила бошлаганини кўргач эса, уларни ўзга сайёраликларнинг фазо кемалари – НУЖлар, дея тахмин қилишган. Кейинроқ эса уларнинг SpaceX учирган сунъий йўлдошлар эканлиги маълум бўлган.
Орадан уч кун ўтиб – 22 апрелда шундай ҳолат Украинада ҳам такрорланган. Маҳаллий вақт билан соат 22:30 да Киев аҳолиси осмонда учиб ўтаётган 17 та ёрқин жисмни кўришган. Украиналиклар ҳам уларни номаълум учар жисмлар, дея қабул қилишган.
Айтиш керакки, Starlink лойиҳаси доирасида ҳозиргача 422 та сунъий йўлдош фазога учирилган. Уларнинг 60 та қурилмадан иборат охирги партияси 22 апрель куни, Falcon 9 ракетасида орбитага йўлланган.