“Ангрен-Олмаота”, “Чирчиқ-Олмаота”, “Чирчиқ-Чимкент” йўналишларида автобус қатновлари йўлга қўйилмоқда

“Ангрен-Олмаота”, “Чирчиқ-Олмаота”, “Чирчиқ-Чимкент” йўналишларида автобус қатновлари йўлга қўйилмоқда

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги қошидаги “Uzautotrans service” МЧЖ томонидан қўшни республикалар ҳудудига чиқаётган йўловчиларга қўшимча қулайликлар яратиш, уларни ўз манзилларига хавфсиз етказиб қўйишни ташкил этиш борасида тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Шу бугунги кунга қадар “Uzautotrans service” корхонаси томонидан 4 та халқаро йўналишда (“Тошкент-Олмаота”, “Тошкент-Ушкунур”, “Тошкент-Қизилўрда”, “Чирчиқ-Ушкунур”) мунтазам автобус қатновлари амалга ошириб келинмоқда.

Қўшни Қозоғистон Республикасининг турли шаҳарларига сафарга отланаётган Тошкент вилояти туманлари аҳолисига қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида “Uzautotrans service” корхонаси томонидан жорий йилнинг 13 сентябрь кунидан эътиборан “Ангрен-Олмаота”, “Чирчиқ-Олмаота”, “Чирчиқ-Чимкент” халқаро йўналишларида мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилади.

Йўналиш масофаси 918 км бўлган “Ангрен-Олмаота” йўналишида чипта нархи 120 000 сўм этиб белгиланган бўлиб, автобуслар Ангрендан соат 16:00, 17:00, 18:00 да ҳаракатланишни бошлайди.

“Чирчиқ-Олмаота” йўналишида эса йўл кира ҳаққи 100 000 сўм этиб белгиланган. Мазкур йўналиш масофаси 818 км.ни ташкил этади. Автобуслар Чирчиқ автостанциясидан соат 17:00 ва 18:00 да йўлга чиқади.

“Чирчиқ-Чимкент” йўналиши бўйлаб эса автобуслар ҳар куни соат 09:00, 11:00, 13:00, 15:00,17:00 да Чирчиқ автостанциясидан ҳаракатланишни бошлайди. Ушбу йўналишда йўл кира ҳаққи 35 000 сўм этиб белгиланган.

Шунингдек, 13 сентябрь кунидан бошлаб “Uzautotrans service” корхонаси томонидан “Тошкент-Шаҳрисабз” йўналишида ҳам мунтазам қатновлар йўлга қўйилади. Масофаси 387,9 км бўлган мазкур йўналишда чипта нархи 54 000 сўм этиб белгиланган. Автобус “Тошкент” автовокзалидан соат 11:50 да жўнаб кетади. Шаҳрисабздан эса соат 09:30 Тошкент шаҳри томон йўлга чиқади.

1101