Ангренда эркак 2,5 ёшли қизнинг бошига уриб, уни ўлдириб қўйди

Ангренда эркак 2,5 ёшли қизнинг бошига уриб, уни ўлдириб қўйди

Тошкент вилоятида бир неча ойдан буён таниши билан никоҳсиз яшаб қилган эркак унинг 2,5 ёшли қизини ўлдириб қўйди. Бу ҳақда вилоят ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Маълумотларга кўра, мазкур жиноят 2021 йил 14 январь куни содир этилган. А.Р. исмли фуқаро бир неча ой давомида З. исмли аёл ҳамда унинг қизи билан Ангрен шаҳрида жойлашган ижарадаги уйида яшаб келган.

«14 январь куни З. қизини уйда қолдириб, дўконга чиқиб кетган. Шу вақтда бола йиғлаб, хархаша қилгани учун уни тинчлантириш мақсадида А.Р. боланинг бош қисмига урган ва шу билан қизалоқ жим бўлиб қолган», — дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан тайинланган экспертиза хулосасига кўра, қизалоқ олган тан жароҳатлари оқибатида вафот этгани тасдиқланган.

Мазкур қотиллик жинояти Тошкент вилояти ИИББ бошлиғи полковник Тоҳир Арипов бошчилигида кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинган. Ҳокимликда ўтказилган муҳокамада Ангрен шаҳар ҳокими, вилоят ИИББ бошлиғининг ўринбосари ва масъул ходимлар, маҳалла раислари, мутасадди ташкилот раҳбарлари ҳамда жиноят содир этганликда гумонланган шахс иштирок этди. Гумонланувчи йиғилишда пушаймонлигини билдириб, халқдан узр сўраган.