Антибиотиклардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ўлим ҳолатига сабаб бўлади

Антибиотиклардан ўзбошимчалик билан фойдаланиш ўлим ҳолатига сабаб бўлади

Маълумотларга кўра, ҳозирда антибиотикларни нотўғри қўллаш натижасида дунёда йилига 700 минг киши вафот этади.

Бу коронавирусдан вафот этаётганлардан кам кўрсаткич эмас. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, антибиотиклардан фойдаланиш тартибга олинмаса, 2050 йилга бориб йилига 10 миллионга яқин одам вафот этиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Муҳаббат Ибрагимова антибиотикларни рецептсиз ва тартибсиз қабул қилиш организмда чиндан антибиотикка зарурат туғилганда у таъсир қилмай қолишига олиб келишини таъкидлади.

— Бунинг сабаби организмда антибиотикка нисбатан чидамлилик пайдо бўлган бўлади, — дейди Муҳаббат Ибрагимова. — ЖССТ томонидан антибиотикларга нисбатан чидамлилик ва мультичидамлилик атамалари қўлланилади. Чидамлилик фақат бир антибиотикка нисбатан пайдо бўлса, мультичидамлиликда беморга ҳеч қандай антибиотик таъсир қилмай қолади. Бунинг оқибатлари жуда ёмон.

Коронавирус дастлаб тарқала бошлаган пайтда одамлар уни шамоллаш деб ўйлаб, антибиотикларни шифокор рецептисиз ҳам қабул қила бошлаган эди.

Бу таъкидлар бугун ҳам долзарблигини йўқотмаганини кўриб турибмиз.

Антибиотиклардан пала-партиш, айниқса, уй шароитида ўзбошимчалик билан фойдаланиш тананинг бошқа аъзолари фаолиятига ҳам салбий таъсир этади.

Жумладан, инсонда жигар ва буйрак етишмовчилиги бўлса, ушбу воситадан ўзбошимчалик билан фойдаланиш оқибатида анафилактик шок, яъни аллергик реакция бўлиб, ўлим ҳолатига сабаб бўлиш хавфи бор.

Мутахассиснинг фикрича, шу боисдан антибиотикларни фақат ва фақат шифокор тавсияси билангина олиш лозим. Акс ҳолда, касалликдан даволанаман, деб ўзингиз ва яқинларингиз саломатлигига жиддий зарар етказиб қўйишингиз мумкин.

Эслатиб ўтамиз, интернет тармоғида Ангрен шаҳрида 11 ёшли бемор қизга уй шароитида тиббий кўрсатмасиз «Цефтриаксон» антибиотигини инъекция қилинганлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. 

Мутахассис билан суҳбатни Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати олиб борди.