Антибиотикларнинг яна бир хавфли жиҳати аниқланди

Антибиотикларнинг яна бир хавфли жиҳати аниқланди

Иллатларнинг бора-бора одатга айланиб қолиши ёмон. Ўзбилармонлик — шулардан бири. Айниқса, бирор хасталикка чалинганимизда бу қусур фақат ва фақат зараримизга ишлаши, ҳатто ҳаётимизни хатарга қўйишига мисоллар кўп.

Уйимиздаги дори қутисини очиб мавжуд препаратларни бир кўздан кечирайлик. Улар орасида жароҳатга қарши, иситма, қон босимини туширувчи, оғриқ қолдирувчи турли малҳаму суртмалардан ташқари, қайсидир гуруҳга мансуб антибиотиклар ҳам бўлса ажаб эмас.

Чунки фақат шифокор тавсияси билангина қўлланиладиган дориларниям баъзида ўзбошимчалик билан қабул қиладиганлар орамизда топилади. Шамоллаш, йўтал, иситма, теридаги яллиғланишлар, турли оғриқлар ва вирусли хасталикларда шундай препаратлардан ўз-ўзича фойдаланиб, аҳволи оғирлашган ёки ўлим топганлар ҳам бор, афсуски.  
 
Ваҳоланки, антибиотиклардан  ўзбошимчалик билан фойдаланиш тананинг бошқа аъзолари фаолиятини ҳам издан чиқаради. Айниқса, жигар ва буйрак етишмовчилиги ҳолатларида жуда оғир асоратларни келтириб чиқариши мумкин. 

Мана, швециялик тадқиқотчилар яқинда антибиотикларнинг яна бир хатарли асоратини аниқладилар. Уларнинг хулосасига кўра, бундай препаратларни қабул қилган инсонларда 5-10 йил ичида колоректал саратоннинг ривожланиш хавфи ошади. 

Олимлар олти йил давомида йўғон ва тўғри ичак саратони билан касалланган 40 минг нафар беморни алоҳида кузатув остига олдилар. Тадқиқот давомида уларнинг ўтган 10 йил давомида қанча миқдорда ва қайси антибиотиклардан фойдалангани ўрганилди ҳамда таҳлил қилинди.

Маълум бўлишича, антибиотик қабул қилган беморларда йўғон ичакда саратон ривожланиш хавфи юқорилиги аниқланди. 

Шундай экан, антибиотиклардан ўзбошимчалик билан фойдаланиб, ҳаётингизни хавф остида қолдирманг!