Антикоррупция агентлиги бюджет маблағларини талон-торож қилган мансабдор шахслар ҳақида маълумот берди

Антикоррупция агентлиги бюджет маблағларини талон-торож қилган мансабдор шахслар ҳақида маълумот берди

Бугун АОКАда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов, директор ўринбосари Умида Тўхташева, бошқарма бошлиғи ўринбосари Улуғбек Дауланов иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида Бюджет маблағларини ноқонуний сарфлаган ва талон-торож қилган мансабдор шахсларга кўрилган жазолар ҳақида маълумот берилди. Бу ҳақда Даракчи.уз хабар берди. 

Коррупцияга қарши “комплаенс-назорат” тизими жорий этилиши орқали эришилган натижалар:

  • Давлат солиқ ҳузуридаги Кадастр агентлиги тизимдаги ходимлар аттестациядан ўтказилиб, коррупцияга мойиллиги бўлган 28% (1476 нафар) ходим билан меҳнат шартномалари тугатилган.
  • Соғлиқни сақлаш вазирлигида 16 млрд cўм молийявий хато ва камчиликлар аниқланди. 22 млрд сўм бюджет маблағларининг мақсадсиз сарфланишининг олди олинди.
  • Халқ таълими тизимида бюджет маблағларини ноқонуний сарфлаш ёки талон-торож қилиш, ноқонуний иш хақларини тўланиши юзасидан 214 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди, 34 нафар масъул мансабдор эгаллаб турган лавозимидан озод этилган. Шунингдек, аниқланган ҳолатлар бўйича кўрсатиб ўтилган вақт ичида жами 78 млрд сўм молиявий хато ва камчиликлар ҳамда ноқонуний ўзлаштиришлар аниқланиб, қонуний чора кўриш учун хуқуқ-тартибот идораларига юборилди.
  • “Ўзкимёсаноат” АЖда товар моддий бойликларини сотиб олиш жараёнида “инсон омили”ни чеклаш ва коррупцияни олдини олиш мақсадида тўғридан-тўғри сотиб олиш амалиётига чек қуйилиб, тизим корхоналари томонидан 2020 йил давомида жами 53,4 млрд. сўм харажатлар иқтисод қилинилишига эришилди.