АОКА ходими, таниқли журналист коронавирусдан вафот этди

АОКА ходими, таниқли журналист коронавирусдан вафот этди

АОКА масъул ходими, таниқли журналист, камтар инсон Жавоҳир Қудратов бугун оламдан ўтди. Бу ҳақда қатор манбалар хабар бермоқда.

"У коронавирусдан даволанаётган эди. Афсуски, касаллик уни орамиздан олиб кетди.

Биз у билан магистратурада бирга ўқиган эдик. "Ҳазрат" деб чақирардик. Ўта хушмуомала, нозик таъбли йигит эди. Таъби назми бор эди, дўстимиз Носиржон Жўраевнинг шеърларини ёд олиб ўқиб юрарди.

У университетни битириб, маълум пайт Тошкентда ишлади. Кейин Қашқадарёга кетди. Бир дўстимизнинг тўйига Шаҳрисабзга борганимда Жавоҳир билан кўришдим. Кейин уни "Ҳуррият"га шарҳлар ёзиб туришга кўндирдим.

Ишонасизми, битта шарҳ ёзди ва уни Тошкентга – катта бир идорага муҳим ишга чақириб олишди. Талант эди, халқаро жараённи ўзимизга боғлаб таҳлил қилишга уста эди, раҳматли.

Ишонгим келмаяпти. Авжи ишлайдиган пайтда, қирчиллама ёшида, ўз соҳаси бўйича катта тажриба тўплаган бир пайтда вафот этди. Тилла йигит эди, Жавоҳир!", деб ёзади "Олтин воҳа" канали.