АҚШ Конгрессига Ўзбекистон ҳақида резолюция киритилди

АҚШ Конгрессига Ўзбекистон ҳақида резолюция киритилди

Фото: Reuters

Ҳужжатда 1991 йил Ўзбекистон мустақилликка эришгач, икки давлат ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилгани ва 2002 йилга келиб ўзаро алоқалар стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилгани маълум қилинган.

Шунингдек, сўнгги 5 йилда Ўзбекистоннинг минтақадаги барқарорлик ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлидаги ташаббуслари олқишланган.

2020 йил ноябрда Колумбия округида ўтказилган икки томонлама консультациялар якунига кўра, томонлар Афғонистон ва минтақадаги хавфсизликни таъминлаш, терроризмга қарши кураш, икки томонлама савдо ва инвестициялар, таълим соғлиқни сақлаш, киберхавфсизлик ҳамда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари, диний эркинликлар ва сўз эркинлиги соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни олдинга суриш борасида келишувларга эришган.

Конгресс ушбу резолюцияни қабул қилса, АҚШ бу орқали Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги, ҳудудий яхлитлиги ва суверенитетини таъкидлаган ҳолда, сўнгги йилларда мамлакатда муҳим сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар бўлаётганини тан олади.

Шунингдек, Вакиллар палатаси Ўзбекистонни 2021-2023 йилларда БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзолигига сайланишини тан олган ҳолда, ҳукуматни ушбу позициядан инсон ҳуқуқларини кенг тарғиб қилиш ва бунга риоя қилмаётганларни жавобгарликка тортиш учун фойдаланишга чақиради.

Бундан ташқари, конгрессменлар ушбу резолюцияда Ўзбекистон ҳукуматини турли соҳаларда янги имкониятлар очиш учун АҚШ билан янада чуқурроқ иқтисодий ҳамкорликка чақириши кутилмоқда.