АҚШ Ўзбекистон ва яна икки давлатдан 9 мингтача афғонни вақтинча қабул қилишни сўради

АҚШ Ўзбекистон ва яна икки давлатдан 9 мингтача афғонни вақтинча қабул қилишни сўради

Байден администрацияси Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондан 11 сентябргача НАТО қўшинлари Афғонистондан чиқиб кетгунига қадар 9 минг нафар атрофидаги афғонларни вақтинча қабул қилишни сўради. Бу ҳақда Bloomberg нашри хабар берди.  

Маълум қилинишича, орасида мухбирлар, ҳайдовчилар, қурилиш соҳаси вакиллари ва бошқа касб эгалари бўлган афғонлар америкалик ҳарбийларга 20 йилдан бери Толибонга қарши курашишда ёрдам бериб келган.

Нашрнинг ёзишича, АҚШ ушбу афғонларга махсус иммиграция визасини бериш жараёнини тезлаштиришга ҳаракат қилмоқда. 

АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби Нед Прайс пайшанба кунги брифингда 9 минг нафар афғоннинг қаерга боришини айтишни рад қилган. Нед Прайс сентябрь ойигача мазкур афғонлар Афғонистондан ташқарига кўчиб ўтиш имконияти борлигини таъкидлаган.