АҚШ Ўзбекистонга коронавирусдан ҳимоя воситаларини топширди

АҚШ Ўзбекистонга коронавирусдан ҳимоя воситаларини топширди

17 март куни АҚШ элчихонаси янги коронавирус касаллиги COVID-19 тарқалишига тайёргарлик кўриши учун Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига иккинчи хайрия ёрдами сифатида шахсий ҳимоя воситаларини топширди. Бу ҳақда Sof.uz‘га АҚШ элчихонаси маълум қилди.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) коронавирусдан зарар кўрган ёки унинг тарқалиши хавфи юқори бўлган мамлакатлар, шу жумладан Ўзбекистон учун, юқумли касалликлар бўйича фавқулодда заҳира фондидан қўшимча маблағ ажратди. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм мамлакат тайёргарлигини юқори баҳолаб, COVID-19 га тайёргарлик кўриш ва тегишли жавоб қайтаришда USAID Ўзбекистонни келгусида ҳам қўллаб-қувватлаши ва кўмак беришини маълум қилди.

 “Янги коронавирус касаллиги фақатгина ҳукуматлар ва халқаро ташкилотлар ўртасидаги яқин ҳамкорлик орқали бартараф этилиши мумкин бўлган, глобал соғлиқни сақлашга таҳдид солаётган касалликдир”, - деди элчи Розенблюм. “АҚШ ҳукумати ушбу глобал эпидемияга тайёргарлик ва жавоб чораларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистондаги ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда”,таъкидлади элчи.

 USAID тақдим этган шахсий ҳимоя воситалари таркибига 10 000 та қўлқоп, 10 200 та ниқоб, 1400 та махсус халат ва 200 та кўзойнак киради. Улар бутун Ўзбекистон бўйлаб вилоят марказлари ва шаҳарларда тарқатилади.

 “Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарияти номидан коронавирус инфекциясига қарши тайёргарлик ва жавоб чораларини кўришда Ўзбекистон Республикасига кўрсатган ёрдами учун Америка Қўшма Штатларига чуқур миннатдорлик билдирамиз. Биз ватандошлар саломатлиги ва фаровонлигини ошириш борасидаги яқин ҳамкорлигимизни юксак қадрлаймиз”, - деди бош санитар врач ва агентлик директори Баҳром Алматов.

 Шахсий ҳимоя воситалари Ўзбекистонда тиббиёт ходимларига мамлакатда COVID-19 билан зарарланган беморларни даволаш учун тез ва хавфсиз чора кўришга имкон беради. Улар инфекция хавфини камайтиришда илғор соғлиқни сақлаш ходимлари учун муҳим аҳамиятга эга.