АҚШ Россиядан қурол сотиб олгани учун Туркияга қарши санкциялар жорий қилади

АҚШ Россиядан қурол сотиб олгани учун Туркияга қарши санкциялар жорий қилади

АҚШ Туркиянинг тўрт нафар федерал мансабдорларига ва мудофаа экспортига алоқадор битта давлат идорасига қарши санкциялар жорий қилади. Бу ҳақда АҚШ Федерал регистерига таяниб, «РБК» хабар берди.

Хабарга кўра, уларнинг Россия мудофаа сектори билан алоқалари туфайли жорий қилинадиган мазкур чекловлар «Америка душманларига қарши санкциялар орқали кураш» тўғрисидаги қонунга ( CAATSA) асосланади. Фаолияти қаторида ҳарбий маҳсулотлар ва технологияларни етказиб бериш билан шуғулланадиган Туркия мудофаа саноати маъмурияти SSB (Savunma Sanayii Boshkanligi) чекловлар остига тушди.

Шу билан бирга, SSB раҳбари Исмоил Демир ва яна уч нафар мансабдор АҚШ томонидан «қора рўйхат»га киритилди. Санкциялар қаторига АҚШга киришни тақиқлаш, мамлакат ҳудудидаги активларни блоклаш ва жисмоний шахслар учун америкаликлар билан молиявий операцияларни амалга оширишни тақиқлаш, шунингдек, АҚШдан SSB учун экспорт ҳамда 10 миллион доллардан ортиқ кредитлар берилишини ман этиш киради.

Чекловлар 7 апрель куни расмий равишда эълон қилиниб, кучга киради.

Вашингтон Анқарага Россиянинг С-400 зенит-ракета комплексини сотиб олгани сабабли бир неча марта санкциялар билан таҳдид қилган эди. SSB 2017 йил 2 августда Россия билан Туркия ҳукумати номидан қурол етказиб бериш бўйича шартнома имзолаган. Ҳаво ҳужумига қарши мудофаа комплексларининг биринчи партияси 2019 йил ўрталарида мамлакатга келтирила бошлаган, ноябрь ойида Москва Туркияга 2,5 миллиард долларлик тўртта С-400 комплексларини муддатидан олдин етказиб берган.

Федерал регистер ҳужжатида Россиянинг ҳаво ҳужумидан мудофаа ракета комплекслари ҳақида сўз юритилмаган қолаверса, санкцияларнинг сабаби ҳам кўрсатилмаган.

Анқара С-400 сотиб олганидан сўнг, Вашингтон ушбу шартномани бир неча бор танқид қилди ва Туркияни Американинг F-35 қирувчи самолётларини етказиб бериш дастуридан четлаштирди. Давлат департаменти Анқарани Россия комплексларидан фойдаланишни тўхтатишга, уларни йўқ қилиш ёки қайтариб беришга чақирди.

2021 йил март ойи охирида давлат котиби Энтони Блинкен Туркия ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Мавлуд Чавушўғли билан музокаралар пайтида мазкур комплексларни «сақлаб турмасликни» талаб қилди. Бунга жавобан туркиялик вазир Москвадан ракеталарни сотиб олиш Анқара учун ўзаро манфаатли келишув бўлганини қайд этди.

Туркия президентининг матбуот котиби Иброҳим Калиннинг айтишича, АҚШ санкциялари Анқарани «бошқа йўналишларда» ҳаракат қилишга ундайди.