АҚШ терроризмда айбдор деб топилган ўзбекистонликни ватанга қайтарди

АҚШ терроризмда айбдор деб топилган ўзбекистонликни ватанга қайтарди

АҚШ Иммиграция ва божхона хизматининг баён қилишича, 7 январь куни 45 ёшли ўзбекистонлик маҳкум Жамшид Мухторов ватанига қайтарилган. Мухторов 2012 йилда ҳибсга олинган, 2018 йилда федерал суд уни хориждаги террор тизимларига моддий ёрдам берганликда айбдор деб топиб, 11 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Ҳукмда у аслида 15 йил давомида назорат остида бўлиши ва ватанга қайтарилиши қайд этилган.

Мухторов Филаделфия халқаро аэропортидан тижорий самолётда учиб кетган. Тошкентга етиб боргач, АҚШ иммиграция зобитлари уни республиканинг тегишли органларига топширган.

“Давлатимизга таҳдид соладиган хорижликларни чиқариб юборишга бел боғлаганмиз", - дейди Иммиграция хизматининг Филаделфиядаги идораси раҳбари Браян Макшейн.

Мухторов иши, дейди расмий, бунга яққол мисол. АҚШ у каби тинчликка хавф солганларга тоқат қилмайди.

Федерал Қидирув Бюросига кўра, Мухторов Исломий жиҳод иттифоқи деган террор гуруҳи билан ҳамкорлик қилган ва уни маблағ билан таъминлаган.

Мухторов 2012 йилда Чикаго халқаро аэропортида Истанбулга учиб кетмоқчи бўлиб турганида ушланган.

Унинг суди Денвер шаҳрида 19 кун давомида кечган. Унда қатор далиллар кўрсатилган, жумладан Мухторовнинг Исломий жиҳод иттифоқига кириб, унга хизмат қилиша сўз бергани ҳамда фарзандларига «отангиз шаҳид» бўлади", дея уқтиргани.

Мухторов 2021 йилнинг ёзида эркинликка чиққан, лекин тез ўтмай Пенсилвания штатида ҳибсга олинган. Ўтган йилнинг 12 июлида бу штатдаги федерал суд уни Ўзбекистонга қайтаришни буюрган - бу ҳақда Америка овози нашри хабар бермоқда.