АҚШда нега норозилик намойишлари бўляпти? (видео)

АҚШда нега норозилик намойишлари бўляпти? (видео)

25 май куни Миннесота штатининг Миннеаполис шаҳрида қора танли бир шахснинг дўконда сохта пул ишлатишга урингани ҳақида полицияга маълумот келиб тушди.

Полиция зудлик билан ҳудудга келиб, дўкон ташқарисидаги машинада ўтирган 46 ёшли Жорж Флойдни ҳибсга олади. Полициянинг даъво қилишича, Флойд полицияга қаршилик кўрсатиб, машинага чиқишни истамаган.

Шундан сўнг полициячилардан бири Флойдни ерга ётқизиб, бўйнини тиззаси билан босиб олади. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан маълум бўлишича, полициячи қора танли фуқаронинг томоғини 8 минут оёғи билан босиб турган. Нафас ололмаяпман, тўхтатинг, дейишига қарамай, полициячи уни қўйиб юбормаган. Натижада Флойд воқеа жойида вафот этгани айтилмоқда.

Видео ижтимоий тармоқларда тарқаб кетгач, дастлаб Миннеаполис шаҳрида тинч намойишлар бошланди. Кечга бориб у зўравон тус олди. Шаҳардаги кўплаб бизнеслар вайрон қилинди, уларга ўт қўйилди ва ҳатто талон-тарож қилинган.

Намойишлар АҚШ бўйлаб юздан ортиқ шаҳарларга тарқалди. Бугунгача камида 12 йирик шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинган; 12 штатда Миллий Гвардия кучлари намойишларни бостириш учун жалб қилинган.

Президент Доналд Трамп зўравон намойишчилар шафқатсиз жазоланишини айтмоқда.

Зўравонликларни оқлаш мумкинми?

АҚШда оқ танли полициячиларнинг қора танли фуқароларни асоссиз тарзда нишонга олиши ва уларга жабр-зулм ўтказиши ҳақидаги даъволар янгилик эмас. Қора танлиларнинг полиция қўлида асоссиз ҳалок бўлгани ва бунга қарши намойишлар ҳам илгари кўп бўлган.

Умуман олганда, қора танлилар орасида саводсизлик, қашшоқлик оқ танлиларга қараганда анча юқори ва бу нарса Америка жамиятида кўринмас ирқчилик асоратлари ҳануз мавжудлиги билан изоҳланади.

Ҳуқуқий нуқтаи назардан, намойишчилар қўл урган бузғунчилик ва зўравонлик ҳолатларини ҳеч ким оқламаётган бўлсада, уларнинг бу хатти-ҳаракати узоқ йиллик айирмачилик ва ноҳақ зулмга қарши исён эканини тушуниш лозимлигини айтаётганлар бор.

Яъни, АҚШда бугун қонуний асосда ҳеч қандай ирқчилик ва айирмачилик мавжуд бўлмасада, қора танлиларга шубҳа билан қараш, уларнинг жиноятга бошқа ирқ вакилларига қараганда кўпроқ мойил экани ҳақидаги стереотиплар тўла барҳам топмаган ва бу нарса полиция ишида ҳам кўзга ташланади.

Сўнгги воқеа ортидан бошланган зўравон намойишларни шу билан изоҳлаш мумкин.

Фазо тадқиқотларининг зўравонликларга алоқаси

НАСА раҳбари кеча космосга амалга оширилган миссия ва мамлакатда бўлаётган норозилик намойишлари ўртасида ғалати боғлиқлик борлиги ҳақида гапирди.

Хабарингиз бўлса, ўтган асрнинг 60 йиллар охирида Америка Ойга одам жўнатганда мамлакатда иқчиликка қарши зўравон намойишлар авж олган эди. Кеча НАСА сўнгги 10 йилда илк бор космосга астронавт жўнатди. Бу ишнинг биринчи марта хусусий компания томонидан амалга оширилганининг аҳамияти Ойга илк бор одам учирилганидан кам эмаслиги айтилмоқда. Айни пайтда бу воқеа арафасида АҚШ яна ирқчилик ва айирмачиликка қарши норозилик намойишлари исканжасида қолди.

Қизиқ ўхшатиш.


Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.