Ашхобод хорижликлар яшаши учун энг қиммат шаҳарлар рейтингида етакчилик қилди. Тошкент эса 203-ўриндан жой олди

Ашхобод хорижликлар яшаши учун энг қиммат шаҳарлар рейтингида етакчилик қилди. Тошкент эса 203-ўриндан жой олди

Mercer халқаро консалтинг компанияси чет эллик ишчилар яшаши учун энг қиммат бўлган дунё шаҳарлари рейтингини тузди, деб ёзади CNN.

Рейтингда Туркманистоннинг Ашхобод шаҳри етакчилик қилмоқда. Ўтган йили шаҳар ушбу рўйхатда иккинчи ўринда турган эди. Таъкидланишича, Ашхободда яшашнинг қимматлашиши узоқ давом этаётган молиявий инқироз оқибатида юзага келган озиқ-овқат тақчиллиги ва гиперинфлясия билан боғлиқдир.

Энг қиммат шаҳарларнинг биринчи ўнлигидан асосан йирик ишбилармонлик марказлари ўрин олди: Ашхободдан кейинги ўринларда Гонконг, Байрут, Токио, Сюрих, Шанхай, Сингапур, Женева, Пекин ва Берн жойлашди.

Шуниси эътиборга лойиқки, Байрут бир йил ичида рўйхатнинг 45-поғонасидан учинчи поғонасига чиқиб олди. Мercer буни Ливандаги иқтисодий инқирознинг ривожланиши билан боғламоқда, у коронавирус пандемияси ва Байрут портидаги портлаш (2020 йил августида) туфайли чуқурлашиб кетди.

Яшаш учун энг қиммат шаҳарлар рейтингида, хусусан, Ню-Ёрк —14, Лондон — 18, Париж — 33, Дубай — 42, Москва — 62-ўринларда жойлашди. Шунингдек, Тошкент — 203, Олмаота — 193, Бишкек эса энг сўнгги — 209-ўринни эгаллади. Бишкекдан олдинда Лусака, Тбилиси, Тунис, Бразилия шаҳарлари жойлашди.

Рейтинг тузишда 209 та йирик шаҳарлардаги турар жой, транспорт, овқатланиш, кийим-кечак, кўнгилочар фаолиятлар ва хизматлар нархлари, шунингдек, у ерда қўлланиладиган миллий валюта курсларининг тебранишлари каби омиллар ҳисобга олинган.