«Атлетико Мадрид» ва ўзбек футбол клубларидан бири ўртасида Тошкентда ўртоқлик учрашуви ўтказиш режалаштирилмоқда

«Атлетико Мадрид» ва ўзбек футбол клубларидан бири ўртасида Тошкентда ўртоқлик учрашуви ўтказиш режалаштирилмоқда

Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида Ўзбекистон туризм ва спорт вазирининг халқаро маслаҳатчиси Алия Оспанова ҳамда Испаниянинг «Атлетико Maдрид» футбол клуби халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Росолино Амента ўртасида учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Унда жаҳон футболининг машҳур юлдузлари иштирокида қатор халқаро спорт тадбирларини ташкил этиш орқали кадрлар тайёрлаш, «visit Uzbekistan – Heart of the Silk Road» брендини тарғиб қилиш, шунингдек, клуб жамоаси асосий таркибининг Ўзбекистон клубларидан бири билан ўртоқлик учрашувини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Испания клуби вакиллари Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва ўзгаришлар билан яхши танишлигини таъкидлади, туризм ва спорт соҳасида қўшма лойиҳалар амалга оширишга қизиқиш билдирди.

«Атлетико Maдрид» профессионал футбол клубига 1903 йил 26 апрель куни асос солинган. Жамоанинг уй стадиони «Ванда Метрополитано» Европадаги энг катта ва муҳташам ареналардан бири ҳисобланади. «Атлетико» шу кунга қадар ўн марта Испания чемпионлигини қўлга киритган. 2009/10, 2011/12 ва 2017/18 футбол мавсумларида УЕФА Европа лигаси кубоги соҳиби бўлган. Шунингдек, жамоа уч марта Европа Чемпионлар лигаси финалида қатнашган.

Учрашув якунида «Атлетико Maдрид» делегациясининг спорт иншоотлари инфратузилмаси билан танишиш ва мазкур футбол клуби академиясини ташкил этиш учун мамлакатимизга расмий ташрифини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил январь ойида Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Мадридга расмий ташрифи доирасида «Атлетико Maдрид» раҳбарияти билан музокаралар ўтказган эди. Унда Ўзбекистонда «Атлетико Maдрид» академиясини ташкил этиш ва «visit Uzbekistan – Heart of the Silk Road» сайёҳлик брендини тарғиб қилиш бўйича келишиб олинган эди.