Аукционга қўйилган «30 Z 777 ZZ» рақамини 600 миллион сўмга ким сотиб олгани маълум бўлди — видео

Аукционга қўйилган «30 Z 777 ZZ» рақамини 600 миллион сўмга ким сотиб олгани маълум бўлди — видео

Самарқанд вилояти учун 14 декабрь куни аукцион сотувга чиқарилган исталган ҳарф комбинациясидаги илк авторақам 4 январь куни 637 миллион 668 минг сўмга сотилгани ҳақида хабар берилганди. «Авторақам» хизматининг Instagram’даги саҳифасида маълум қилинишича, ушбу рақамни продюсер, актёр Аҳад Қаюм сотиб олган.

Актёрнинг ўзи ҳам Instagram’даги саҳифасида ушбу авторақамни сотиб олгани ҳақида хабар қолдирган. Шунингдек, у story’сига жойланган видеога «Ваниҳоят олдим» деб изоҳ ёзган.

Маълумотларга кўра, «30 Z 777 ZZ» авторақами 596 миллион 525 минг сўмга сотилган. Ушбу рақамни расмийлаштириш учун қўшимча 41 миллион 143 минг сўм харажат қилиш керак. Шундай қилиб, UZEX биржаси тарихидаги биринчи «чиройли рақам» 637 миллион 668 минг сўмга сотилган.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ушбу рақам аллақачон сотилгани ҳақида хабар тарқалганди. Суратда «30 Z 777 ZZ» авторақами тақилган «Malibu» Самарқанд кўчаларида ҳаракатланаётганини кўриш мумкин.

Кейинчалик Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси мазкур ҳолат юзасидан маълумот берганди.  Шунингдек, вилоят ИИБ тарқалган иккинчи видео юзасидан ҳам изоҳ берган. «Ушбу рақам оқ рангли «Malibu» автомашинасига қўлбола ясаб ўрнатилганлиги акс этган видео ҳам тарқалди. Ҳозирда ушбу ҳайдовчини аниқлаш чоралари кўрилмоқда», дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, «UZEX Avtoraqam» сайтида ушбу аукционнинг тугаш муддати 4 январь соат 14:50 этиб белгиланганди.

Эслатиб ўтамиз, авторақамлар онлайн аукционида исталган ҳарф комбинациясидаги илк авторақам «30 Z 777 ZZ» 14 декабрь куни Самарқанд вилояти учун сотувга чиқарилган. Мазкур давлат рақамининг бошланғич нархи 111 миллион 500 минг этиб белгиланган. 4 январь ҳолатига эса унинг нархи ярим миллиард сўмдан ошган.