Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари якунланди

Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари якунланди

Аввал хабар қилинганидек, 19-22 май кунлари Тожикистон Республикасида Ўзбекистон киноси кунлари ўтказилди.

Унда иштирок этиш учун Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов, Ўзбекистон халқ артистлари Хайрулла Саъдиев, Теша Мӯминов, Ӯзбекистонда хизмат кӯрсатган артист Тоҳир Саидов, Ўзбекистонда хизмат кӯрсатган маданият ходими Жаҳонгир Аҳмедов каби таниқли кино арбоблари қўшни мамлакатга ташриф буюрди.

Делегация аъзолари дастлаб Тожикистон Оммавий ахборот воситалари академиясида ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этди. Тадбирда икки мамлакатнинг кино ва медиа соҳаси вакиллари малакасини ошириш, бу борада ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари хусусида сўз юритилди.

Шундан сўнг ўзбекистонлик киноижодкорлар Абу Абдуллоҳ Рўдакий номидаги Миллий кутубхонага борди. Кутубхонанинг нодир манбалар бўлимида Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Мирзо Бедил, Абдурраҳмон Жомий сингари улуғ алломаларнинг қўлёзмалари ўрин олган. Улар орасида Алишер Навоийнинг 1801 йилда Бухоро амирлигида кўчирилиган “Хамса” қўлёзмаси ҳам бор.

Кутубхонага “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” туркумидан чоп этилган китоб-альбомлар тўплами совға қилинди. 
Ўзбекистонлик меҳмонлар шу куни Душанбе шаҳридаги Алишер Навоий боғига ташриф буюрди. Тадбирда ҳазрат Навоий шеърларидан намуналар ўқилди. Мазкур боғ 2018 йилда очилган, унинг очилишида икки давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон иштирок этишган. Боғ тўрида Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомий ҳайкаллари қад ростлаган. Улуғ мутафаккирлар пойига гулчамбарлар қўйилди.

Душанбе шаҳридаги “Ватан” кинотеатрида ўтган “Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари”нинг тантанали очилиш маросимида Ўзбекистон Кинематография агентлиги бош директори Ф.Абдухолиқов, Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов, “Тожикфильм” Давлат муассасаси бош директори Маҳмасаид Шоҳиён ва бошқалар мазкур анжуманнинг икки мамлакат маданий ҳаётида тутган ўрни, ўзбек ва тожик кинематографиясини ривожлантириш бўйича кўзда тутилаётган лойиҳалар хусусида тўхталиб ўтди.

Марказий Осиё минтақасида кинематографиянинг тараққий этишида ўзбек ва тожик халқларининг етук маърифатпарвар вакиллари катта ҳисса қўшишган. Эътиборли жиҳати, ўзбек ва тожик кинематографияси ривожини бир-биридан айро ҳолда тасаввур қилиш мумкин эмас. Миллий киномиз дарғалари ҳар жиҳатдан бир-бирини қўллаб-қувватлаб келган. Ўзбек киносининг атоқли устозларидан бири Комил Ёрматов Тожикистонда, Конибодомда туғилиб ўсган бўлса, тожик киносининг Борис Кимёгаров, Анвар Тўраев, Самариддин Саъдиев сингари машҳур арбоблари Самарқандда таваллуд топган. Ҳар икки юрт кинематографияси ривожига салмоқли ҳисса қўшган Латиф Файзиев, Тоҳир Собиров, Рашид Маликов, Бақо Содиқов сингари таниқли кинорежиссёрлар хизматини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз.

Тожикистон киноусталари яратган Ҳасан аравакаш”, “Рустам ва Суҳроб”, “Сиёвуш ҳақида қисса”, “Темирчи Кова”, “Мен бир қизни учратдим” сингари бадиий фильмлар ўзбек томошабинлар қалбидан чуқур жой олган. “Шаҳризоданинг янги эртаклари”, “Шаҳризоданинг сўнгги кечаси” фильмларида Улуғбек Музаффаров, Убайдулла Омон, Дилором Қамбарова сингари ўзбек санъаткорларини кўришимиз мумкин. “Тожикфильм”да Рашид Маликов суратга олган “Ғаройиб саргузашт” фильмида ўзбек киносининг таниқли вакиллари Ҳусан Шарипов, Баҳром Матчонов бош ролларни ижро этган. 

Ўз навбатида, ўзбек фильмларида тожик актёрлари ҳам ёрқин образларни яратиб қолдирган. Жумладан, Тожикистон халқ артистлари – Сайрам Исаева Майсара, Нодирабегим сингари образлари билан ўзбек киномухлисларини мафтун қилган бўлса, Ато Муҳаммаджонов Имом ал-Бухорий сиймосини тўлақонли гаввдалантира олган.

Сўзга чиққанлар кейинги йилларда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги дўстона муносабатлар янада мустаҳкамланиб бораётгани, бу борада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг учрашувлари, икки томонлама имзоланган ҳужжатлар муҳим ўрин тутишини қайд этди.

Шундан сўнг томошабинларга режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов томонидан 2020 йилда суратга олинган “Илҳақ” бадиий фильми намойиш қилинди. Томошабинлар фильмни ҳаяжон билан кутиб олишди.

– Фильм томошабинларга манзур бўлганидан жуда мамнунман, – деди режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов. – Зал томошабин билан тўлгани ва улар намойиш сўнгига қадар зални тарк этмагани мени жуда хурсанд қилди. Мухлислар фильмни кўзда ёш билан томоша қилганини айтмоқда. Ушбу фильмда ижодий гуруҳимиз билан фақат ўзбеклар эмас, уруш даҳшатларини ўз кўзи билан кўрган барча халқларнинг умумий дарди, мусибатини кўрсатишга ҳаракат қилганмиз. Агар фильм миллати ёки ватанидан қатъи назар, ҳар қандай мухлис қалбига йўл топа олса, менимча бу режисёрнинг катта ютуғидир.

20 май куни ўзбекистонлик кино усталари Ҳисор шаҳрида бўлди. Шаҳар маданият саройида ўтказилган учрашув чоғида кино халқлар ва давлатлар ўртасидаги мустаҳкам кўприк экани, ўзбек киноси кунларининг халқларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларни тиклашдаги аҳамияти хусусида сўз юритилди.

Ташриф давомида ўзбекистонлик меҳмонлар Ҳисор шаҳрининг диққатга сазовор масканлари, тарихий обидалари билан танишдилар. Хусусан, бир пайтлар Бобур Мирзонинг ҳам қадами теккан кўҳна Ҳисор қалъасига саёҳат киноижодкорларга манзур бўлди.

Ўзбекистонлик киноижодкорларнинг Тожикистон Миллий музейига ташрифи ҳам мазмунли ўтди. 2011 йилда ташкил топган музей нафақат Тожикистон, балки Марказий Осиё халқларининг ўтмишини ўзида акс эттирувчи масканлардан бири саналади. Музейда Тожикистон ҳудудидан топилган қадимги нодир буюмлар, қўлёзмалар, тангалар, қурол-аслаҳалар, уй-рўзғор буюмлари, амалий ва тасвирий санъат намуналари, хусусан, Масчоҳ туманидан келтирилган Заҳириддин Муҳаммад Бобур топшириғига кўра, шоҳ байтлар туширилган битиктош ҳам ўрин олган.

Музейда “Ўзбекистон маданий мероси дунё тўпламларида” китоб-альбомларининг тақдимоти ҳам ўтказилди. Мазкур китоб-альбомлар Ўзбекистонда яратилган ва турли сабабларга кўра, дунёнинг турли ҳудудларига бориб қолган осори атиқалар ҳақида ҳикоя қилади.

Меҳмонлар тожик кинематографиясининг етук намояндаларидан бири Борис Кимёгаров (1920-1979) қабрини зиёрат қилишди. 

21 май куни Ўзбекистон делегациясини Ваҳдат шаҳрида ҳам кино мухлислари катта хурсандчилик ва тантана билан кутиб олди. Ваҳдат маданият саройида ўтказилган учрашув сўнгида режиссёр Аюб Шаҳобиддинов суратга олган “Рангсиз тушлар” бадиий фильми намойиш қилинди.

Шу куни Душанбе шаҳридаги “Зебунисо” кинотееатрида ўзбек ва тожик киноижодкорларининг учрашуви ўтказилди. Унда сўзга чиққан Ўзбекистон Кинематография агентлиги директори Ф.Абдухолиқов икки давлат киночилари ҳамкорлигида режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида сўзлаб берди.

– Айни пайтда тожикистонлик ҳамкасблар билан иккита муҳим кинолойиҳа режалаштирилмоқда, – дейди Ф.Абдухолиқов. – Уларнинг бири болалар ва ўсмирлар ҳаёти ҳақида. Унда астрономияга қизиқадиган хўжандлик ўқувчи қизнинг Самарқандга бориб Мирзо Улуғбек расадхонасини кўриш ҳақидаги беғубор орзуси акс эттирилади. Иккинчи лойиҳада икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик, оғир мусибатлар чоғида икки халқнинг бир-бирига елкадошлиги ва албатта ёшларнинг муҳаббати ҳақида бўлиши кутилмоқда. Ҳар иккала лойиҳа ўзбек ва тожик киноижодкорлари, режиссёр ва актёрлари иштирокида амалга оширилиши кўзда тутилган.

Учрашув ниҳоясида Ўзбекистон Кинемтаография агентлиги бош директори Ф.Абдухолиқов ҳамда “Тожикфильм” Давлат муассасаси раиси М.Шоҳиён икки томонлама ҳамкорлик меморандумини имзолашди.

Шу куни “Тожикфильм” Давлат муассасаси томонидан суратга олинган “Сув боласи” (“Бачаи обий”) фильми томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди. Олис тожик қишлоқлари аҳолисининг турмуш тарзи ҳақида ҳикоя қилувчи фильмда бош роллардан бирини Ўзбекистон халқ артисти Убайдулла Омон ижро этган. Маълум сабабларга кўра делегацияда таркибида Тожикистонга боролмаган Убайдулла Омон анжуман иштирокчиларига видеомурожаат йўллаб, бошланаётган эзгу ишларга муваффақият тилади.

“Ўзбекистон киноси кунлари”нинг ёпилиш маросимида ҳам мазкур маданий тадбирнинг аҳамияти, тожик киномухлисларининг ўзбек киноларига қизиқиши ортиб бораётгани, келгусидаги режалар ва уларни амалга ошириш механизмлари ҳақида сўз борди. Ўзбекистонлик киноижодкорлар самимий учрашувлар, эътибор ва меҳмондўстлик учун мезбонларга ташаккур билдирди. 

Ёпилиш маросимида 1985 йилда ўзбек режиссёри Мелис Абзалов суратга олган “Келинлар қўзғолони” бадиий фильми томошабинлар ҳукмига ҳавола қилинди.

Шу билан Тожикистонда Ўзбекистон киноси кунлари ўз ниҳоясига етди. Уч кун давомида Тожикистоннинг бир қатор шаҳар ва туманларида томошабинларга “Илҳақ”, “Рангсиз тушлар”, “Келинлар қўзғолони”, “Ҳамкорлик бўйича навбатчи”, “Халқ юраги”, “Сирли сандиқ” сингари бадиий, ҳужжатли ва анимацион фильмлар намойиш қилинди. 

Мазкур анжуман икки халқ ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга, маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.