Аёл ишли бўлиб, кайфияти яхши бўлса, оиласи ҳам бахтли бўлади — Шавкат Мирзиёев

Аёл ишли бўлиб, кайфияти яхши бўлса, оиласи ҳам бахтли бўлади — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни Андижон вилоятига келди.

Избоскан туманининг Қўғай маҳалласи - энг чекка ҳудудлардан бири. Иқтисодий имкониятлар натижасида қишлоқларга ҳам саноат кириб бормоқда. Бу аҳолини иш билан таъминлашда жуда муҳим.

Яқинда ушбу маҳаллада “Соҳиб омад баракаси” кластери томонидан “And gold” тикув-трикотаж корхонаси ишга туширилди.

Давлатимиз раҳбари мазкур фабрика фаолияти билан танишди.

Қиймати 2 миллион 500 минг АҚШ доллари бўлган лойиҳа доирасида янги бино қурилиб, замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. Корхона йилига 3 миллион 500 минг дона тайёр трикотаж ишлаб чиқариш қувватига эга. Маҳсулотларни 100 фоиз экспортга йўналтириш режалаштирилган. Бу борадаги йиллик имконият 5 миллион доллардан зиёд. Ҳалитданоқ калава ип етказиб бериш бўйича Хитой ва Россия билан шартнома тузилган.

Корхонада ҳозирча 830 нафар хотин-қиз ишли бўлди. Президентимиз улар билан суҳбатлашди.

- Сизларга ўзимнинг ҳурматимни, муҳаббатимни билдираман. Ўзларингиз яшайдиган қишлоқда ишли бўлганларингиздан хурсандман. Қачон Избосканда мана шундай замонавий корхона бўлган? Бу ишларни яна давом эттирамиз. Хотин-қизларимиз учун ҳамма шароитларни яратамиз. Аёл ишли бўлиб, кайфияти яхши бўлса, оиласи ҳам бахтли бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.

Фабрика тўла қувватга чиққанда, чекка ҳудуддаги 1 минг 200 нафар киши доимий иш билан таъминланади.

Шу ерда Андижон вилоятида саноат тармоқларини ривожлантириш чора-тадбирлари тақдимот қилинди.