Айрим жарималар миқдори ўзгарди

Айрим жарималар миқдори ўзгарди

«Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ-688-сон Қонун қабул қилингани хабар қилинганди.

«Норма» шарҳига кўра, Қонун билан қуйидаги ҳужжатларга ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди:

  • МЖТКга;
  • Ҳаво кодексига;
  • «Экологик экспертиза тўғрисида»ги Қонунга.

Биринчидан, МЖТКга киритилган ўзгартиришларга мувофиқ карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлишининг ёки тарқалишининг олдини олиш мақсадида белгиланган мажбурий қоидаларни бузганлик учун жариманинг қатъий миқдори белгиланди. Фуқароларга 20 БҲМ (илгари – 20 БҲМдан 30 БҲМгача), мансабдор шахсларга эса 30 БҲМ (илгари – 30 БҲМдан 50 БҲМгача) миқдорида жарима солинади.

Поездларнинг вагонлари, автотранспорт воситалари ва шаҳар йўловчилар транспортидан ахлат ёки бошқа нарсаларни ташлаб юбориш БҲМнинг 1/2 қисмидан (илгари – 1/5 қисмидан) 1 БҲМгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши 2 БҲМ (илгари – 3 БҲМ) миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Йўл-транспорт ҳодисаси қатнашчиларининг белгиланган қоидаларни бузган ҳолда ҳодиса юз берган жойдан кетиб қолиши 15 БҲМ миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу ЙТҲ жабрланувчига енгил тан жароҳати ёки анча миқдорда моддий зарар етказилишига олиб келган бўлса, 30 БҲМ миқдорида жарима солиш ёки транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан 1 йил муддатга маҳрум этишга ёхуд 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Ҳайдовчиларнинг корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга қарашли транспорт воситаларидан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланиши 2 БҲМ (илгари – 2 БҲМдан 5 БҲМгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Йўлларга, темир йўлдан ўтиш жойларига, йўл ҳаракатини тартибга солувчи бошқа иншоотлар ёки техник воситаларга шикаст етказиш, шунингдек йўл ҳаракатига қасддан, шу жумладан йўл қопламасини ифлослантириш йўли билан халал бериш, худди шунингдек автомобиль йўлларини ўзбошимчалик билан қазиш, уларда сунъий нотекисликлар ва тўсиқлар яратиш, автомобиль йўлида ишларни амалга ошириш учун берилган рухсатнома талабларини бажармаслик, шунингдек йўлларни сақлаш қоидаларини бузиш фуқароларга 2 БҲМ (илгари – 1 БҲМдан 3 БҲМгача), мансабдор шахсларга эса 10 БҲМ миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Иккинчидан, Ҳаво кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ ҳаво кемаларининг аҳоли манзилгоҳлари устидаги парвози ердаги одамларнинг ҳаёти ва (ёки) уларнинг мол-мулкига хавф солмаган ҳолда белгиланган йўналишлар ва учиш баландликларида амалга оширилади.

Ҳаво кемасида носозлик рўй берган тақдирда ёки одамлар ҳаётини қутқариш учун парвозлар қилиш зарур бўлганда белгиланган йўналиш ва учиш баландлигидан четга чиқишга йўл қўйилади.

Ҳаво кодексининг 39-моддаси экспериментал ҳаво кемаларини ҳисобга олиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши тўғрисидаги қисм билан тўлдирилди.

Шунингдек белгиланишича, фуқаро ва экспериментал авиациядаги воқеа-ҳодисалар бўйича Транспорт вазирлигининг комиссияси томонидан текширув ўтказилади. Воқеа-ҳодисалар давлат ва фуқаро авиацияси ёки давлат ва экспериментал авиация манфаатларига дахл қилган тақдирда, текширув Транспорт вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, шунингдек бошқа алоқадор вазирлик ва идораларнинг вакилларидан тузилган комиссия томонидан амалга оширилади.

Ҳаво орқали ташишларни амалга оширувчи ҳаво кемаларига аэропортларда хизматлар кўрсатиш, шунингдек уларнинг бажарилиши устидан назорат қилиш фаолиятига лицензиялар бериш назарда тутилган нормалар чиқариб ташланди.

Учинчидан, «Экологик экспертиза тўғрисида»ги Қонунда экологик аудит тушунчасига қуйидагича таъриф берилди. Экологик аудит экологик аудиторлик ташкилоти томонидан ўтказиладиган экологик аудит субъектининг хўжалик фаолиятини ва бошқа фаолиятини техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар ҳамда атроф муҳитни муҳофаза қилишга ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига ушбу субъектнинг риоя этиши юзасидан тизимли, ҳужжатлаштирилган, мустақил экологик баҳолаш ҳисобланади.

Бошқа ўзгартиришлар ҳам киритилган.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 29.04.2021 йилдан кучга кирди.