Айрим хайрия фондларига берилган маблағлар солиқлардан озод қилинди

Айрим хайрия фондларига берилган маблағлар солиқлардан озод қилинди

Шавкат Мирзиёев аҳоли ва бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилган яна битта фармонга имзо чекди. Бу ҳақда "Ўзбекистон 24" телеканалида маълум қилинди.

Унга кўра, 2020 йил 1 октябргача Ўзбекистон "Маҳалла" хайрия жамоат фонди, "Саховат ва кўмак" жамғармаси, "Ўзбекистон Меҳр-шавқат ва саломатлик" жамоат фондига, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан шакллантириладиган ижтимоий ёрдамга муҳтожлар рўйхатига киритилган жисмоний шахсларга беғараз берилган пул маблағлари, товарлар ва хизматлар қуйидаги солиқлардан озод этилади:

- фойда солиғи (15%);

- қўшилган қиймат солиғи (15%);

- айланмадан олинадиган солиқ (4%).

Фуқароларга ҳам солиқ имтиёзи берилмоқда. Яъни ижтимоий ёрдамга муҳтожлар рўйхатига киритилганлар юридик ва жисмоний шахслардан беғараз ёрдам олганда, бу ёрдам жисмоний шахсларнинг даромади сифатида қаралмайди ва улар даромад солиғи тўлаши шарт бўлмайди.