Байден 11 сентябрь воқеаларининг 20 йиллиги муносабати билан Америка халқига мурожаат қилди

Байден 11 сентябрь воқеаларининг 20 йиллиги муносабати билан Америка халқига мурожаат қилди

АҚШ президенти Жо Байден 11 сентябрь воқеаларининг 20 йиллиги муносабати билан қурбонлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди ва Америка халқига мурожаат қилди. Давлат раҳбарининг нутқи унинг Twitter’даги саҳифасида трансляция қилинган деб ёзади «Korrespondent.net».

«Мен учун 11 сентябрь — катта сабоқ. Унинг моҳияти шундан иборатки, энг ожиз дамларда, Америка руҳи учун курашда бирлик бизнинг энг улкан кучимиз бўлди. Бирлик ҳаммамиз ягона нарсага ишонишимиз кераклигини англатмайди. Биз бир-биримизга ва ушбу миллатга нисбатан ҳурмат ва ишончда бўлишимиз лозим», — деди Оқ уй раҳбари.

Унинг таъкидлашича, «инсон табиатининг қора кучлари — қўрқув ва ғазаб, нафрат ва зўравонлик Америка бирлигига путур етказа олмади».

Хабарларга кўра, бугун 11 сентябрь куни АҚШ президенти ва биринчи хоними терактлардан зарар кўрган учта жойга ташриф буюришни режалаштирмоқда: Нью-Йоркдаги Жаҳон савдо марказига, Пентагонга ва United Airlines 93 рейси ҳалокатга учраган Пенсильвания штатининг Шанксвилл шаҳарчаси яқинидаги майдонга.

Нью-Йоркда хотира маросими анъанавий тарзда эрталабки соат 08:46 да бошланади, 2001 йил айнан шу дақиқада террорчилар томонидан ўғирланган биринчи самолёт савдо марказининг шимолий минорасига қулаб тушган эди. Маросим чоғида барча қурбонларнинг исмлари терактлар содир этилган дақиқаларда танаффус билан ўқиб эшиттирилади.