Байден америкаликларни COVID-19 туфайли «оғир қиш» кутаётгани ҳақида огоҳлантирди

Байден америкаликларни COVID-19 туфайли «оғир қиш» кутаётгани ҳақида огоҳлантирди

«Бу пандемия билан курашиш учун дадил ҳаракатлар керак. Биз ҳали жуда оғир қиш билан тўқнашамиз», — деди Байден COVID-19’га қарши кураш бўйича ўз ишчи гуруҳи билан учрашувдан кейин.

У фуқароларни ниқоб тақишга ва масофага риоя қилишга чақирди. «Агар ҳар биримиз ниқоб тақсак, ўн минглаб одамларнинг ҳаётини қутқаришимиз мумкин», — деди сайланган президент. Коронавирус инфекциясига қарши вакцина ҳақида гапирар экан, у яқин ойларда кенг қўлланилишига шубҳа қилди.

Аввалроқ Жо Байден қиш яқинлашаётгани учун коронавирус пандемияси оқибатида ўлим ҳолатлари ортиши мумкинлиги сабаб яқин кунлар ичида барча штатларнинг губернаторларига қўнғироқ қилиб, уларни ниқоб тақиш мажбуриятини жорий этишга чақириши ҳақида унинг катта маслаҳатчиси маълум қилганди.

Жонс Ҳопкинс университети томонидан берилган сўнгги маълумотларга кўра, АҚШда COVID-19’га чалиниш ҳолатлари сони 10 миллиондан ошган. 238 мингдан ортиқ бемор вафот этган. Мамлакат дунёда касалланганлар ва вафот этганлар сони бўйича етакчилик қилишда давом этмоқда.

АҚШнинг Pfizer компанияси томонидан яратилган коронавирусга қарши вакцина 90 фоиз самарадорлик кўрсатгани маълум қилинди. Вакцинани қабул қилган синов иштирокчиларида плацебони қабул қилганларга нисбатан коронавирус билан касалланиш 90 фоиз камроқ кузатилган. Вакцинанинг самарали таъсири эмлаш бошланганидан 28 кундан кейин сезилади — бу вақт ичида беморга вакцинанинг иккита дозаси жўнатилади. Тадқиқотда жами 43 538 нафар кўнгилли иштирок этган. Уларнинг ҳеч бирида жиддий иккиламчи таъсир кузатилмаган. Компания 2020 йилнинг охиригача бозорга 50 миллион доза, 2021 йилда эса 1,3 миллиард доза вакцина етказиб беришга тайёр.

Байден вакцина синовлари натижаларини изоҳлар экан, олимлар уни ноябрда рўйхатдан ўтказиб, аҳолини эмлашни бошлашини айтди. Аммо, унинг фикрича, дорининг кенг қўлланилиши бошланишига ҳали кўп вақт бор. Амалдаги АҚШ президенти Дональд Трамп вакцинанинг муваффақиятли синовлари ҳақидаги хабарни ажойиб янгилик деб атади.