Байден Путин билан қачон учрашиши мумкинлигини маълум қилди

Байден Путин билан қачон учрашиши мумкинлигини маълум қилди

АҚШ президенти Жо Байден июнь ойида Европага сафари чоғида Россия раҳбари Владимир Путин билан музокаралар ўтказишга умид қилаётганини маълум қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.

«Умид қиламан ва буни кутяпман. Биз бу учрашув устида ишлаяпмиз», деди Байден бу мулоқот истиқболлари ҳақидаги саволга жавоб берар экан.

Аввалроқ АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен Россия ва АҚШ президентлари Владимир Путин ва Жо Байденнинг мумкин бўлган учрашуви иккала давлатга ҳам фойда келтиришини айтиб ўтганди.

Апрель ойи ўрталарида АҚШ президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти чоғида унга учинчи мамлакатда учрашув ўтказишни таклиф қилган эди.

Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков, ўз навбатида, Владимир Путиннинг Америка етакчиси Жо Байден иштирокидаги саммитда иштирок этиши тўғрисида расмий жавоб йўқлигини билдирган. Кремль вакилининг сўзларига кўра, ҳозирда ушбу таклиф ўрганилмоқда.