Байденнинг Исроил бош вазири билан учрашувда «ухлаб ўтириши» ижтимоий тармоқларда фаол муҳокамага сабаб бўлмоқда (видео)

Байденнинг Исроил бош вазири билан учрашувда «ухлаб ўтириши» ижтимоий тармоқларда фаол муҳокамага сабаб бўлмоқда (видео)

Ижтимоий тармоқларда АҚШ президенти Жо Байден Исроил бош вазири Нафтали Беннет билан учрашувда гўёки ухлаб қолгани акс этган видео тарқалди, ҳолат Америка Конгрессининг бир нечта вакилларини ғазаблантирган, деб ёзади International Business Times.

«Бу видео ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Байденни учрашув давомида ухлаб ўтирганликда айблаганлар орасида республикачи конгрессвуманлар — колорадолик Лорен Боберт, жоржиялик Маржори Тэйлор Грин ҳам бор», — деб ёзади нашр.

«Уйғон, Жо. Сен истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризага имзо қўйишинг керак», — деб ёзган Боберт Twitter’да.

«Жо Байденни зудлик билан олиб ташланг. Мамлакатимиз Исроил бош вазири билан учрашувда ҳушёр тура олмайдиган одамнинг назоратида бўлиши уни хавф остида қолдиради», — дея видео остига изоҳ қолдирди Тэйлор Грин Twitter’да.

Видеода Беннет Байденга «АҚШ—Исроил муносабатларининг янги саҳифаси» ҳақида гапирар экан, АҚШ президенти бошини эгиб, қўлларини қорни устида қовуштириб, деярли ҳаракатсиз ўтирганини кўриш мумкин. Бир пайт Беннет Байден уни тингламаётганини тушунган ва нутқини президентга мурожаат қилмасдан давом эттирган.