Байрамлар бизники каби тинч бўлган заминга ярашади – Озодбек Назарбеков

Байрамлар бизники каби тинч бўлган заминга ярашади – Озодбек Назарбеков

Хабарингиз бор, Ўзбекистоннинг турли минтақаларида фестивал ва концерт дастурлари ўтказилмоқда. Мисол учун Андижонда ёшлар фестивали, Наманганда гуллар фестивали, Бухорода ипак ва зираворлар фестивали. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ўзининг телеграм каналида ушбу фестиваллар ҳақида гапирди. 

"Пандемиянинг узоқ муддат давом этгани юртдошларимизнинг турли маданий тадбирларга бўлган иштиёқини оширди. Азалдан санъатсевар бўлган халқимиз неча кундирки яна куй-қўшиқ, қувонч ва шодликларга тўла завқли лаҳзаларга гувоҳ бўлмоқда. Бутун Ўзбекистон бўйлаб ўтказилаётган фестиваль ва концерт дастурлари ватандошларимизнинг руҳиятини анча енгиллатди десак муболаға бўлмайди.

Айни кунларда Наманганда Гуллар фестивали, Бухорода “Ипак вазираворлар” каби Халқаро миқёсдаги маданий тадбирлар ҳам кўтаринки руҳда ўтаётганининг гувоҳи бўляпмиз. Биз ҳам мухлислар олқишини, уларнинг самимий табассуми ва илиқ тилакларини соғинган эдик. Республикамиз бўйлаб ўтказилаётган Ёшлар форумларида яна дийдор насиб этмоқда.

Форумнинг галдаги мезбони Султон Жалолиддин Мангубердининг ватани азим Хоразм бўлди.  Ўзининг санъати билан дунё халқларини лол қолдирган бу гўша одамларининг санъатга меҳри бўлакча. Буни ўтказилган гала-концерт мисолида ҳам кўриш мумкин. Ҳар бир қўшиқдан баҳра олиб, ҳар бир нолаларга жўр бўлиб биз билан бирга куйлаган ёшларнинг шижоати қалбимизга ёшлик илҳомларини бағишлади. Хоразмча наволар, Тошкент оҳанглари, водий тароналарию, сурхон садолари жаранг сочган бу маскан ҳақиқий ёшлар байрамига гувоҳ бўлди. Бир сўз билан айтганда, Ёшлар форумлари минглаб ёшларни бирлаштирди.

Аслида тинч заминга байрамлар ярашади. Оғир кунларнинг ортда қолгани рост бўлсин, байрамлар байрамларга улансин",–деди Озодбек Назарбеков.