BBC: Эрон коронавирус қурбонлари сонини яширган (видео)

BBC: Эрон коронавирус қурбонлари сонини яширган (видео)

Би-би-си Форс хизматининг махсус текширувидан аниқланишича, Эрон ҳукумати коронавирус қурбонлари бўйича маълумотларни озайтириб кўрсатган.

Ҳукуматга тегишли деб ишонилган ҳисоботда қурбонлар сони 42000, аммо Соғлиқни сақлаш вазирлиги расман вирусдан вафот этганлар сонини 14505 дея кўрсатган.

Вирусга чалинганлар сони ҳам расмий 278827 нафардан қарийб икки карра кўп - 451024.

Зотан, расмий рўйхатнинг ўзигина Эронни Яқин Шарқ бўйлаб коронавирусдан энг кўп жабр кўрган мамлакатга айлантиради.

Ўтган ҳафталарда Эронда коронавирус иккинчи бор жадал суръатларда тарқади.

Би-би-си қўлга киритган маълумотларга кўра, коронавирусдан илк ўлим 22 январда рўйхатга олинган.

Эронда расман илк коронавирус тарқаши орадан қарийб бир ой ўтиб маълум қилинганди.

Мамлакат бўйлаб вирус тарқалиши баробарида аксарият расмий маълумотларга шубҳа билан қараб келаётганди.

Дунё бўйлаб тест кўлами оқсаётганига қарамай, Би-би-си қўлга киритган маълумотларга таянилса, Эрон вирус қурбонлари бўйича мавжуд рақамларни очиқламагани кўринади.

Бу эса Теҳрон атайдан рақамларни пасайтириб кўрсатганига жиддий ишорадир.

Маълумотлар қаердан олинди?

Маълумотлар Би-би-сига аноним манба томонидан жўнатилган.

Унда Эрон шифохоналарига келган беморлар сони, номи, жинси, ёши ва касаллик аломатлари ҳамда шифохонага келган куни, у ерда қанча қолгани қаторида беморнинг бошқа касалликлари қайд этилган.

Ана шу маълумотлар Би-би-сида мавжуд бўлган коронавирусга чалинган ёки вирусдан вафот этганлар номлари билан уйғун.

Манбага кўра, Би-би-сига айни маълумотларнинг етказилишидан мақсад "ҳақиқатни ошкор қилиш" ва эпидемия бўйича "сиёсий ўйинларга" барҳам беришдир.

Маълумотлар нималарни очиқлайди?

Пойтахт Теҳрон ҳиссасига энг кўп қурбонлар тўғри келади - 8120.

Қум мамлакат бўйлаб вирус ўчоғи ва бу нисбатан кичикроқ шаҳарда қурбонлар сони 1419, бу эса ҳар бир минг кишига 1 ўлим деганидир.

Мамлакат бўйлаб қурбонларнинг қарийб 2000 таси Эрон фуқароси бўлмаган.

Улар мамлакатдаги мигрант ва муҳожилар, англашилинишича, асосан афғонистонликлар.

Ўлимлар ва вирус тарқаши тренд ўлароқ расмий маълумотларга мос, фақат сон жиҳатидан жиддий фарқ қилади.

Наврўз арафасида киритилган чекловлар туфайли иккала рақамларда ҳам пасайиш кузатилади, аммо май ойининг охирларида - чекловлар енгиллаштирилиши билан яна вирус тарқаши ва ўлим ҳолатлари кўтарилиб кетган.

Нима учун асл рақамлар сир тутилган?

Коронавирус тарқаши 1979 йил Исломий Инқилоб санаси нишонланиши ва мамлакатда парламент сайловлари билан бир пайтга тўғри келган.

Теҳрон бу каби муҳим тадбирларга коронавирус соя солишини истамаган.

Оятуллоҳ Али Хаменейи коронавирус баҳона айримлар сайловларга раҳна солишни истамоқда, дея даъво қилган эди.

Сайловда жуда оз киши қатнашган эди.