Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Бефарқлик ва адолатсизлик – зулмларга асос
20.12.2019 14:24,  
510

Кино санъати – кейинги бир асрда энг катта маблағ айланаётган, энг катта ғояларни ташувчи, энг таъсирли санъатга айланган. Кучли кино, бир ярим соат ичида, одамнинг кайфиятини бутунлай бошқа жойга кўчириб қўяди. Кучли кинолар, одамларни онгида катта асорат қолдиради. Кўплаб дўстлар Жокер фильми ҳақида ўз фикрларини билдиришган эди. Мен бу фильмни кеча кўрдим. Жокер фильми учта даражада: якка шахс тарихи, кичик жамият ва тўлақонли тизим сифатида талқин қилиниши мумкин. Менимча, фильм кўпроқ тўлиқ тизим/тузум ҳақида ҳикоя қилади.

Шу пайтгача Бэтмен ва Жокер – комикс шаклида олинар эди, яъни, реализм йўқ эди. Бу сафар Жокер – тўлиқ реалистик ҳаётга мослаб олинган. Унда фантастик технологиялар, ақл бовар қилмас вазиятлар йўқ. Ҳаммаси ҳаётий, ва жуда оддий. Асосий янгилик – Жокер – тузум қурбони. Фильмнинг энг катта ғояси: “тузумдаги бефарқлик/шавқатсизлик – нафратни парваришлайди. Нафрат эса, бир куни портлайди. Нафратнинг натижасида жамиятда жабр-зулм бепоён тус олади. Қурбон бўлганлар эса, кейинчалик яна ўч олади. Тузумдаги бефарқлик – забр ва зулмлар занжирини боғлаб кетаверади”.

Жокер - онгли ва малакали ёвуз шахс эмас. У қилаётган жиноятларда, онг/ақл бирламчи рол ўйнамайди. У ҳар сафар одамлар/жамият ва давлатдан яхшилик кутади, яхши ниятлар қилади. Лекин, ҳеч қачон у кутганидек чиқмайди. Жокер – жамиятдаги энг заиф қатлам тимсоли ҳамдир: уни ҳатто болалар ҳам уради, қўлидаги ягона плакатини олиб қўйиб, синдиришади.

Жокердаги нафрат анатомияси йиллар давомида шаклланади. Қоронғулик даврида (метрода), уни устидан кулган уч кишини ўлдириб, тузумга қарши бош кўтаради. Лекин бу, ҳаётдаги энг катта норозиликлар йиллар давомида шаклланиб, кутилмаганида портлагани каби, планларсиз (кутилмаганида) бўлади. Тузумдаги адолатсизлик сабаб, у қилган қотиллик одамлар томонидан яхши кутиб олинади.

Адолатсиз тузумда, жиноят – қаҳрамонлик ҳисобланади. Шу сабаб, Жокер ҳеч иккиланмай ўзи ва бошқалар учун қасос олишни бошлайди. Жокер ўз жиноятларини яширишга интилмайди (пакана ҳамкасби, клоунни қўйиб юборади), бу билан у ўзини жиноятчи эканлигини инкор қилади. Унга яхшилик қилган, қарамоғига олган жамиятни ҳам, йиллар давомида алдаб келгани учун, кечирмайди (яъни, онасини ўлдиради).

Жокер – люмпен ва маргинал. Жамиятнинг энг ҳимоясиз қатлами тимсоли. Уни ўзи айтганидек, “мени йўқотадиган ҳеч нарсам йўқ”. Шу сабаб, у бошқалардан оммавий тарзда ўч олишдан қўрқмайди. Фильмнинг энг асосий гаплари – студиядаги Жокернинг чиқиши ҳисобланади. Жокер оғзи билан, ҳозирги замонага энг катта айблов билдирилади: ҳеч ким ўзини бошқанинг ўрнига қўйиб кўришни истамайди, ҳеч кимни бошқалар билан иши йўқ. Яъни, тузум/ҳокимиятни одамлар билан иши йўқ, улар одамлардан фақат итоатни талаб қиладилар, лекин одамлар қандай яшаётгани билан мутлақ иши йўқ.

Назаримда, студиядаги бошловчи Мюррей – жамоатчилик фикри ва суд ҳокимиятига ишора ҳисобланади. Жокер Мюррейни ҳам “сен бу ерга мени муҳокама қилиш учун, устимдан кулиш учун, мендан фойдаланиш учун чақирдинг!” деб айблайди, ва омма олдида отиб ўлдиради.

Фильмнинг ғояси: тузумнинг одамларга бефарқлиги, одамларни эксплуатация қилиши, адолатсизлиги, бирмас бир куни албатта портлайди. Бефарқлик – жабр-зулмларга асос яратади, адолатсизлик – қасос учун қонун ҳисобланади. Бу фильмнинг энг мураккаб нуқтаси – Жокер тимсолидаги вазият қурбони, жиноятчи ва қотилни бўлинмас шахс эканлиги ҳисобланади. Уни онгсизлиги, яхшиликларни кутиб, фақат ҳақорат ва таҳқирлар олиши – Жокернинг энг асосий алибиси, ҳимоячиси ҳисобланади. Фильм оскарга лойиқ.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан