Бектемир Мелиқўзиев проф боксдаги 7-жангида америкалик рақибини 3-раунддаёқ нокаутга учратди

Бектемир Мелиқўзиев проф боксдаги 7-жангида америкалик рақибини 3-раунддаёқ нокаутга учратди

Профессионал бокснинг супер ўрта вазн (-76,2 кг) тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Бектемир Мелиқўзиев (7-0, 6 КО) 14 февралда ўзининг навбатдаги жангини ўтказди.

АҚШда бўлиб ўтган ушбу жангда Бектемирга мезбон спортчи Морган Фитч (19-5-1, 8 КО) рақиблик қилди. Жанг 8 раундга мўлжалланганди. Бироқ тўқнашув 3-раунддаёқ якунига етди. Бектемир дастлабки 2 раундда Фитчнинг тана қисмига оғриқли зарбалар йўллади. Учинчи раундда эса ўзбекистонлик боксчининг рақибнинг тана қисмига йўллаган навбатдаги зарбаси чуқур нокаут ҳолати учун етарли бўлди.

Шу тариқа, Бектемир Мелиқўзиев профессионал боксдаги еттинчи жангдаги еттинчи ғалабасини тантана қилди. Фитч учун эса бу фаолиятидаги бешинчи мағлубият бўлди.

Таъкидлаш жоиз, мазкур мусобақада яна бир ўзбекистонлик боксчи Элнур Абдураимов ҳам жанг қилиши белгиланган эди. Бироқ унинг рақиби Дейви Хулио белгиланган муддатга қадар комиссия тасдиғидан ўта олмагани боис жанг бекор қилинган.

Эслатиб ўтамиз, Бектемир Мелиқўзиев аслида 30-январ куни ярим оғир вазн тоифасида WBA Супер, IBO,WBO чемпионлик камарларининг собиқ соҳиби, россиялик Сергей Ковалёв (34-4-1, 29 КО) билан жанг қилиши лозим эди. Бироқ Ковалёвда допинг аниқлангани боис жанг бекор қилинган эди.