Беларусь: КГБ раҳбари ишдан кетди, Путин Лукашенко билан яна келишди

Беларусь: КГБ раҳбари ишдан кетди, Путин Лукашенко билан яна келишди

Лукашенко Давлат Хавфсизлик Қўмитаси (КГБ) раҳбарини ишдан олди. Беларусь Хавфсизлик Кенгаши бошлиғини янгилади. Бу ҳақда Би-Би-Си хабар қилмоқда.

Куч тизимларидаги ўзгаришлар Беларусдаги давомий намойишлар фонида кечди. Мухолифат ҳануз 9 август кунги зиддиятли президент сайлови натижаларини тан олмаётир.

Намойишлар манзарасида Лукашенко ва Путин ўртасидаги устма-уст келишувлар эса, алоҳида эътибор ва таҳлилталаб воқеъликка айланди.

Ким нимани кўзламоқда?

Давомий намойишлар ичидаги Беларусь... Улар 9 август кунги зиддиятли президент сайлови ортидан бўй кўрсатган. Намойишчиларга кўра, сайлов натижалари сохталаштирилган. Лукашенко кетиши керак.

Беларусдаги вазият, ҳафталарки, ҳам Россия ва ҳам Ғарбнинг диққат-эътиборида. Улар Беларусдаги воқеаларга бир-бирларининг иштирокидан жиддий хавотирда.

Худди шу манзарада Лукашенконинг яқинда қилган яна бир чиқиши кўпчиликнинг нигоҳини ўзига тортган. У Беларусь Россия вакцинасини олажак биринчи давлат бўлиши ҳақида айтган.

Лукашенкога кўра, бу ҳақда ҳам Путин билан келишиб олишган. Унинг айтишича, бу - Россия президентининг таклифи бўлган. Путин ўзларига ана шундай ваъда берган.

Беларусь дунёнинг коронавирус пандемияси боис, кескин чеклов чораларига қўл урмаган, карантин жорий этмаган саноқли давлатларидан биттаси бўлади.

"Қонуний президент"

Россия Лукашенкони ҳозир ҳам қонуний президент, деб тан олади. Путиннинг Лукашенко билан яна бир келишуви куни-кеча сарлавҳаларга чиққан.

Россия президенти вазият издан чиқса, Беларусга куч ташлаши маълум бўлган. Путин ўшанда буни Лукашенконинг сўрови билан изоҳлаган.

Пойтахт Минскда ўн минглаб кишилар намойишга чиққан 30 август куни эса, Россия президенти Лукашенкога сим қоққан. Уни таваллуд куни билан табриклаган.

Беларусдаги намойишлар эса, ҳали-ҳануз тинмаган. Аммо Лукашенко мухолифат билан музокарага бормоқчи эмас.

Беларусь раҳбари худди шу баёноти фонида янги конституция масаласига қайтган. Унинг халқ муҳокамасига қўйилиши ҳақида сўз юритган. Аммо президент ваколатини чекловчи 1994 йилги нусхасига қайтмасликларини таъкидлаган. Мухолифат эса, худди шу ғояни илгари сурганди.

Агар, тасдиқланса, тузатишлар Беларусда муддатидан илгари парламент ва президент сайловларига йўл очади. Лукашенко Беларусдаги сўнгги олти сайловда ютиб чиққани эълон қилинган президент бўлади.

Воқеаларнинг бу ривожи ҳам расмий Москва нигоҳидан четда қолмаган. Путин матбуот котиби бу масалада ҳам Беларусь ўзларининг тажрибаларидан фойдаланиши мумкинлигини айтган.

Россияда шу йил июль ойида маъқулланган конституцион тузатишлар Путиннинг яна 26 йилда қудратда қолишига йўл очган.

Иттифоқчи давлат

Россия Беларусь билан иттифоқчилик шартномасига эга давлат бўлади. Расмий Кремль, айниқса, сўнгги йилларда Беларусь билан интергацияни чуқурлаштириш, бир иттифоқ ғоясини амалга ошириш ҳаракатида.

Аммо президент сайловига қадар Минск билан бу хусусдаги музокаралари осон кечмаган.

Таҳлилчиларга кўра, Россия ҳозир ҳам Беларусдаги воқеаларга Ғарбнинг аралашувига тоқат қилмаслигини ошкора кўрсатиб қўймоқчи.

Беларусдаги воқеалар, албатта, ўз мавқеъ ва манфаатларини инобатга олган ҳолда ривож топишини англатиб қўймоқчи. Мамлакатидаги вазиятни муҳокама этиб олиш учун Лукашенко 15 август куни Путинга сим қоққан.

Телефон мулоқоти томонларнинг иттифоқчилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш оҳангида якун топгани маълум бўлган.

Шу яқин ҳафталарда эса, Лукашенконинг Москвага ташрифи кутилмоқда.

Бошқа бир ташриф

Россия Бош вазири кеча, пайшанба куни Минскка келган, шахсан президент Александр Лукашенко билан учрашган. Икковлон ўртасидаги ўзаро суҳбатнинг кенг қамровли бўлгани англашилган.

Беларусь раҳбари кутилмаганда Алексей Навальнийнинг "Новичок" билан заҳарлангани" ҳақида ҳам тўхталган. Бунинг "бўлмаган гап" эканини айтган.

Лукашенкога кўра, "Варшава ва Берлин ўртасидаги суҳбатни тутишга муваффақ бўлишган". Худди шу "қизиқ суҳбат" бу баёнотнинг "сохта" эканига далолат қилган.

Беларусь президентининг айтишича, шу бугун (3 сентябрь - таҳр.)нинг ўзида уни тайёрлаб, Россия Федерал Хавфсизлик Хизматига юборишади.

Лукашенкога кўра, бундан мақсад Путиннинг Беларусь ишларига аралашишига йўл қўймаслик бўлган.

Суҳбат чоғида Беларусь мухолифати масаласи ҳам тилга олинган, Лукашенко буни ҳали-ҳануз "қандай номлашни билмаслиги"ни айтган. Аммо бу ўзлари учун сабоқ бўлганини таъкидлаган.

Бу дарс "ҳар икки қардош республика - Беларусь ва Россиянинг лозим хулосалар чиқариб олишлари, шу пайтгача келиша олмаган кўплаб масалалар бўйича бир тўхтамга келишларига туртки бериши"га умид қилиб қолган.

Яна "Беларусь биринчи бўлиб олажак" коронавирусга қарши Россия вакцинаси ҳақида сўз борган.

Россия Бош вазири эса, иттифоқчи давлат масаласига хосан тўхталган, унинг сўзларидан бу масалада ҳам олдинга силжишлар борлиги маълум бўлган.