Беморга донорлик қилиш учун унга яқин қариндош бўлиш кераклиги бекор қилиниши кутилмоқда

Беморга донорлик қилиш учун унга яқин қариндош бўлиш кераклиги бекор қилиниши кутилмоқда

Бу ҳақда Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев маълум қилди.

Депутатлар кўриб чиққан қонун лойиҳасида эндиликда донор сифатида ўзидан аъзолари ва (ёки) тўқималарининг трансплантация учун олинишига ихтиёрий равишда, бепул асосида, нотариал тартибда тасдиқланган ёзма розилик берган инсон тушунилади.

Амалдаги таҳрирда донор-беморга трансплантация қилиш учун органлари, тўқималари ва (ёки) ҳужайраларини ўз ихтиёри билан бераётган инсон тушунилиб, у уч йилдан ортиқ никоҳда бўлган эр-хотинлар ва уларнинг олдинги турмушидан бўлган фарзандлари, тўғри ва ён тарафдан бўлган қариндошлари тирик донор бўлиши мумкин эди.

Шунингдек, ўгай ота, ўгай она, ўгай ўғил, ўгай қиз ва оила ҳақидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ фарзандликка олинган болалар донор бўлоларди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилиниб, Сенатга юборилган.