Бензин нархларини ошгани юзасидан расмий маълумот берилди

Бензин нархларини ошгани юзасидан расмий маълумот берилди

Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорларига мувофиқ мамлакатимизда иқтисодиётни либераллаштириш ва маъмурий тартибга солишни қисқартириш, товарлар ва хизматлар бозорларида самарали рақобат муҳитини яратиш ҳамда нархларни бозор тамойиллари асосида шакллантиришга босқичма-босқич ўтиш бўйича қабул қилинаётган изчил чоралар натижасида:

Автомобиль бензини чакана нархларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинди ва ушбу маҳсулотларни нефтни қайта ишлаш заводлари томонидан сотиш фақат биржа савдолари орқали амалга оширилиши белгиланди. Жумладан:

– 2017 йил 15 ноябрдан бошлаб Аи-92, Аи-93, Аи-95 ва Аи-98 маркали;

– 2019 йил 15 августдан бошлаб Аи-91 маркали;

– 2020 йил 1 майдан бошлаб Аи-80 маркали.

Мазкур автобензин нархларини Ҳукумат қарорлари билан белгилаш амалиётидан воз кечилди. Натижада соғлом рақобат муҳити шаклланди ва истеъмолчиларга мақбул нархларда сифатли маҳсулотлар етказиб бериш йўлга қўйилди.

Республикада Бухоро нефтни қайта ишлаш заводидан ташқари биржа савдоларида 10 дан ортиқ сотувчилар автобензин маҳсулотини таклиф этмоқда.

Ҳозирда автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида (АЁҚШ) маҳаллий нефть маҳсулотлари билан бир қаторда импорт қилинаётган автобензинларнинг ички бозорда реализацияси тобора ортиб бормоқда.

Шу билан бирга, аҳоли қатламини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган автобензиннинг асосий қисми, яъни 78 фоизидан ортиғи Аи-80 маркали автобензини ҳисобланади.