Билл Гейтс пандемиядан кейин инсоният дуч келадиган иккита хавф ҳақида огоҳлантирди

Билл Гейтс пандемиядан кейин инсоният дуч келадиган иккита хавф ҳақида огоҳлантирди

Microsoft асосчиси ва собиқ раҳбари Билл Гейтс коронавирус пандемияси тугаганидан кейин инсониятга хавф соладиган иккита таҳдидни санаб ўтди. Бу ҳақда унинг Veritasium YouTube каналига берган интервьюсига асосланиб, «РБК» хабар берди.

«Дунё тайёр бўлмаган таҳдидлардан бири бу — иқлим ўзгариши, — деди Гейтс. — Ушбу омил туфайли ўлимлар кўрсаткичи ҳар йили ошиб боради».

Тадбиркор биотерроризмни инсоният учун иккинчи таҳдид деб санади. «Зарар келтиришни истаган бирор киши вирусни ярата олади, демак, келажакда бунга дуч келишимиз эҳтимоли ҳозиргига ўхшаш табиий эпидемияларга қараганда юқорироқ», — деди Гейтс.

Январь ойи охирида тадбиркор кейинги пандемия SARS-CoV-2 вируси келтирганидан ўн баравар ёмонроқ бўлиши мумкинлигини айтганди. Унинг фикрига кўра, ушбу таҳдидга жаҳон уруши хавфи билан бир хил муносабатда бўлиш керак.

«Дунё триллионларни тежаш ва миллионлаб ўлимларнинг олдини олиш учун миллиардларни сарф қилиши керак. Мен буни дунё сотиб олиши мумкин бўлган энг яхши ва энг оқилона суғурта полиси деб биламан. Янги пандемия муқаррар ва агар инсониятнинг омади келса, у 20 йилдан кейин бошланади, аммо уч йил ичида ҳам юз бериши мумкин.»— деган эди Гейтс.