Бир кунда 10 минг қадам юрган фуқароларга қачондан пул тўланиши юзасидан изоҳ берилди

Бир кунда 10 минг қадам юрган фуқароларга қачондан пул тўланиши юзасидан изоҳ берилди

Жорий йилнинг 10 декабр куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги вакили Умид Ражабов «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармон ижроси ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, 2021 йилнинг биринчи чорагидан бошлаб президент фармонига кўра яратилган махсус платформа орқали бир кунда 10 минг қадам юрган шахснинг электрон ҳамёнига 3 минг сўм тушади. Бу платформа Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ахборот технологиялар  ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилмоқда.

«10 минг қадам ва ундан ортиқ юрган шахс қандай аниқланади?» деган савол туғилиши мумкин. Бу илова телефонда юкланади ва онлайн тизимда ишлайди. Мутахассислар томонидан бу платформа шундай яратиляптики, шахсга тегишли маълумотлар (исм-шарифи, бўйи, вазни, ёши) киритилган ҳолда рўйхатдан ўтилади. Рўйхатдан ўтилгач старт тугмаси босилади ва 10 минг қадам ва ундан ортиқ юрилса, маълумот яратилган махсус базада кўринади. Шу маълумот асосида фуқаронинг электрон ҳамёнига маблағ келиб тушади», — деди Умид Ражабов.