Бир неча ҳудудларда прокурорлар пора билан ушланди — видео

Бир неча ҳудудларда прокурорлар пора билан ушланди — видео

Жиззах вилоятида туман прокурори хизмат хонасида $800 пора билан ушланди. Прокурор таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари билан шуғулланувчи ДУКнинг мансабдор шахслари ва бошқаларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида қурилиш фирмаси раҳбарига қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлламаслик ва мазкур фирмада аниқланган камомад миқдорини камайтириб кўрсатиш учун ундан $2000 сўраган ва $1200 ни олган.

Самарқанд вилоятида эса туман прокурори ўринбосари маҳаллий фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан суд томонидан тайинланган 3 йил озодликни чеклаш жазосини бошқа оғирроқ жазо турига ўзгартириш учун протест киритиб, суднинг апелляция босқичида ҳукмни ўз кучида қолдириш эвазига $10 минг талаб қилади. Ўтказилган тезкор тадбирда прокурор ўринбосарининг топшириғи билан унинг воситачиси сўралган пулни олган вақтида ушланди. Прокурор ўринбосарининг алоқадорлиги воситачиси берган кўрсатма асосида ўтказилган тадбирда ашёвий далиллар билан исботланди.

Наманган вилоятида туман МИБ раҳбари маҳаллий фуқарони Қирғизистондаги Жалолобод давлат университетидаги ўқишини Андижон давлат тиббиёт университетига кўчиришда олий таълим вазирлигидаги танишлари орқали кўчиришда ёрдам беришини айтиб, бунинг учун $700 сўрайди ва $300 ва 1 млн 50 минг сўмни олади. У қолган пулларни олган вақтида ушланди. 

Мазкур шахсларга нисбатан ЖКнинг тегишли моддалари билан жиноий ишлар очилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.