Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Бир қизга аччиқ қилиб бойиган йигит ҳикояси
29.10.2022 16:28,  
269

Болаликда бетига майда доначалар тошиб юрадиган қўшним бўларди.  Юзи ҳам тўртбурчакка мойилроқ катта эди.  Тенгдош эдик. Носфурушнинг ўғли эди. Камбағал оиланинг боласи эди.  Биз у билан далада бирга мол боқардик. Молларни серўт жойга бойлаб қўйиб ариқдан балиқ ушлардик, дарахтга чиқиб чумчуқуяни ковлаштирардик. Иккаламиз ҳам мактабда ёмон ўқирдик, ночор кийинардик ва дарсларни кўп қолдирар эдик.

Мана шу қўшним, маймоқ ботинкаси молнинг  тезагига ботиб юрадиган, кийими йиртиқ-ямоқ бола шаҳарда катта мансабда ишлайдиган  маҳалладошимиз Зокир аканинг юзлари оппоқ, ранги тиниқ, сочлари йўғон, аълочи, ўта такаббур, биз каби камбағалнинг боласини сариқ чақага арзитмайдиган Гулюз исмли  қизини пинҳон яхши кўрарди. Бу ҳақда бир марта менга кўнглини ёрганди. “Бировга айтма”, деганди. Лекин унинг бу сирини кўпчилик  биларди.

Қўшнимга Гулюзни севиши ҳақида эслатсак, қаттиқ жаҳли чиқарди. Мабодо у билан уришиб қолсак, баланд овозда “Сен Гулюзини  яхши кўрасан” десак қўлига тош олиб ураман дерди.

У Гулюзни пинҳон севарди, ҳам бу севгисидан қаттиқ уяларди.

Ҳатто бир гал қўшнимнинг ишқий сири Гулюзнинг қулоғига етиб борибди. Бениҳоя такаббур бу қиз мактабда кўпчиликнинг ўртасида қўшнимни  “Мени севгунча  кетингни арт”,  деб ҳақорат қилди.

Қўшнимнинг боши букилди, маъюс бўлди. Бунақа шармандалик унинг обрўсини йўқ қилди. Бечора қўшнимнинг юзида  уят ва ҳижолатпазлик аломатлари  пайдо бўлди.  Бу нарса мактабни битиргунимизча ҳам унинг юзини тарк этмади.

Йиллар ўтди бир-бирини  тўлқиндай қувиб. Улғайдик. Мустақил фикрлашни ва пул топишни ўргандик. Қўшним  ғайратли эди, бойиб кетди. Маҳаллада  каттагина дўкон очди. Уйи ҳам қаср, дарвозаси беш миллион сўмлик.

Лекин болаликдаги севгиси учун эшитган ҳақорати  кўзининг тубида маъюс нуқта  бўлиб сақланиб қолган.

Буни қарангки, Гулюз туман марказида яшовчи,  катта  ўқишда ўқиб келган йигитга эрга тегди. Эри ўзига тўқ эди. Лекин  бир неча йил ўтиб Гулюзнинг эри касалланиб оламдан ўтди, у вояга етмаган болаларини қучоқлаб ёлғиз қолди.

Ҳеч қанча вақт ўтмай Гулюзнинг уйига камбағаллик  танда қўйди. Унинг ҳаёти ҳозир ҳам ўнгланмаган.

Болаликдаги қўшнимнинг дўкони баракали, тўртта қалин қарз дафтари бор. Яқинда  дўконига кирганда қарз дафтарини варақлаб кўрдим. Дафтардан ўқиб билишимча, энг кўп қарзга нарса оладиган Гулюз экан.

– Бу анов Гулюзми, болаликдаги, осмонда учиб юрадиган? - деб сўрадим  эски қўшнимдан.

– Ҳа, ўша,-деди у. Лекин  бошқа сўз айтмади.

Шу воқеадан сўнг англадимки, болаликдаги дўстимнинг мақсади бойиб кетиш ёки камбағаллик даврида устидан кулган қизга нимнидир исботлаш эмас экан. Дўконидаги тўртта қарз дафтари орқали  ночор оилаларга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб туришни мақсад қилган экан.

Раҳимжон РАҲМАТ

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан