Бишкек ҳануз нотинч, Атамбаев яна қўлга олинди

Бишкек ҳануз нотинч, Атамбаев яна қўлга олинди

Президент Жээнбеков Бош вазир истеъфосини расман қабул қилди. Давлат хавфсизлик миллий қўмитаси раҳбарини бўшатди. Хавфсизлик Кенгаши котибини ишдан олди. Бишкекда фавқулодда ҳолат амалда, аммо намойишлар тинмаган. Бу ҳақда мустақил журналист Шоҳрух Соипов Би-Би-Сида хабар қилмоқда.

"Бишкекда ҳукумат уйи олдида намойишлар давом этмоқда. 5 октябрь куни Оқ уйни намойишчилар тарафидан ишғол этилиши ортидан, қамоқдан озод қилиниб, Бош вазир вазифасини бажарувчи этиб тайинланган Садир Жапаровнинг тарафдорлари уни бу лавозимдан олинишига қарши эканини айтишмоқда.

"Бу бизнинг сўнги имкониятимиз, Садир оғамизни сайлашимиз керак, охиригача турамиз. Садир Жапаровга тўсқинлик қилишни тўхтатинглар. Аида Қасималиева сотқинликни тўхтат", каби шиорларни айтиб, ҳайқириб туришибди.

Шунингдек, марказий майдонга қуролли кучлар ҳарбийлари, милиция ва хавфсизлик кучлари йиғилмоқда.

Бугун Жўғўрқу Кенгаш депутатлари тушки соат 12 да навбатдан ташқари йиғин ўтказишлари маълум қилинган эди. Бироқ депутатларнинг тўлиқ келмагани сабаб, йиғин кечки соат 16:00 га қолдирилган. Бироқ орадан икки соатга яқин вақт ўтса-да, депутатлар сони озлиги сабаб, йиғин бошланмаган. Йиғинга 46 депутат келган, олти нафари эса ишонч қоғозини юборган.

"Йиғинга камида 61 депутат қатнашиши керак. Кворум йўқ бўлса, унда, албатта, парламент давлат идораси қатори йўқ экани маълум бўлади", деган парламент спикери Миқтибек Абдилдаев.

Бу орада депутатлар алоҳида гуруҳ бўлиб, ўзаро вазиятни муҳокама қилаётгани айтилмоқда.

Вице-спикер, Аида Қасималиева ўзининг Facebook саҳифаси орқали уч кун аввал Бош вазир лавозимига тайинланган Садир Жапаровнинг номзодини ўзи билан биргаликда қўллаб-қувватлаган Жўғўрқу Кенгашнинг кўпчилик коалицияси депутатларига мурожаат қилган.

"Биз Садир Жапаров парламент ичидаги ва ташқарисидаги турли хил сиёсий кучларни бирлаштирадиган, ҳукумат ва мухолифат ўртасида кўприк бўладиган, келишмовчиликларни бартараф этишга ёрдам берадиган ва янги парламент сайловларини бемалол ўтказиши учун шароит яратадиган шахс бўлиб етишишига ишонган эдик. Афсуски, сўнгги бир неча кунги воқеалар шуни кўрсатдики, унинг шахсий фазилатлари ва хизматларидан қатъиназар, ҳозирги пайтда вазият шундай ривожланганки, жамиятнинг муҳим қисми уни қабул қилишдан бош тортади ва бутун мамлакатни бирлаштириш ўрнига, аксинча, бўлиниш ва келишмовчиликларни кучайтиради. Бизни бундай таваккал қилишга ҳаққимиз йўқ. Шунинг учун, ҳурматли депутатлар, мен Жўғўрқу Кенгашнинг кўпчилик коалициясига аввалги қарорини қайта кўриб чиқишни ва Қирғизистон Республикаси Бош вазири лавозимига янги номзод кўрсатишни таклиф қиламан", дейди депутат Аида Қасималиева.

Бу орада сиёсий доираларда Бош вазир лавозимига Қирғизистоннинг Россиядаги элчиси Аликбек Джекшенқуловнинг номзоди олға сурилаётгани айтилмоқда. У депутатларга холис шахс ва ҳеч қайси бир партиянинг аъзоси эмаслигиги маъқул бўлаётгандек.

Шунингдек, Бош вазир лавозимига таҳлилчи Таалат Масодиқов ва Ўш вилоятининг собиқ ҳокими Узарбек Жилқибоевлар ҳам кўрилаётгани хабар қилинмоқда.

Алмазбек Атамбаев яна қўлга олинди

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев, бугун, 10 октябрь куни, Бишкек яқинидаги Қўй Тош қишлоғидаги уйида қўлга олинган. У билан тан соқчиси Қанат Сағинбаев ва Дамир Мусакеев ҳам ушланган.

Қирғизистон Миллий Xавфсизлик Давлат хизматининг маълумотига кўра, собиқ президент ва унинг тан соқчилари 9 октябрь куни Бишкекда юз берган воқеа юзасидан "Оммавий тартибсизликларни уюштириш" бўйича очилган жиноий иш доирасида қўлга олинган.

Ҳозирда бу ишга алоқадор бошқа одамларни ҳам қўлга олиш ишлари амалга оширилмоқда.

Кеча, Бишкекдаги "Ала Тоо" марказий майдонида собиқ президент Алмазбек Атамбаев, собиқ Бош вазир Ўмурбек Бабанов раҳбарлигидаги мухолиф сиёсий кучларнинг тарафдорлари, Бош вазир вазифасини бажарувчи Садир Жапаровнинг тарафдорлари билан тўқнашган.

Мухолифат Бош вазир лавозимига ёш, билимли одамлар келиши кераклигини, Садир Жапаров эса бунга лойиқ эмаслигини иддао қилган. Қарши тараф эса, аксинча, мухолифатнинг иддаолари асоссий эканини маълум қилган.

Шундан сўнг, икки тараф бир-бирларига тош отиб, тўқнашганлар. Мухолифат вакиллари қўриқчилари ёрдамида майдонни тарк этишга мажбур бўлган. Алмазбек Атамбаев ва айрим сиёсатчиларнинг мошиналарига ўқ отилган. Бироқ халок бўлган, ёки яраланганлар бўлмаган.

Ҳукумат истъефога чиқарилди

Кеча, президент Сooрoнбай Жээнбеков Бош вазир Қубатбек Бўрўнов ва Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитасининг раҳбари, Хавфсизлик Кенгаши раҳбари ва унинг муовинини, Қуролли Кучлар раҳбарини истъефога чиқарган.

Бош вазир вазифасини вақтинчалик бажариш Алмазбек Батирбековга юклатилган.

Қолган идораларни эса, бунгача муовин бўлиб ишлаган расмийлар бошқаради.

"Халқ инқилоби" ортидан Ички Ишлар Вазирлиги раҳбарлигини эгаллаган Курсан Асанов ҳамда Xавфсизлик хизмати раҳбари Ўмурбек Суваналиевлар президент ёрлиғидан сўнг ушбу идора ходимлари тарафидан кўчага кузатиб қўйилган.

Шунингдек, президент 10 октябрдан бошлаб пойтахт Бишкекда фавқулодда ҳолат тартибини жорий этиш фармонини ҳам чиқарган.

Бишкек шаҳар кoменданти этиб Алмаз Орозалиев тайинланган. Комендант Бишкек ҳудудида барча фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун кечки соат 21.00дан, эрталабки 5.00 гача комендантлик соати ўрнатишни буюган. Пойтахт комендатура фаолиятини олиб борувчи ва унга кўмак берадиган давлат ва коммунал хизматчилари бундан мустасно.