Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Биз сиёсатга фақат сайловлардагина таъсир ўтказа оламиз!
14.11.2019 09:54,  
243

Кеча Фарғонада сайловолди тарғиботининг мантиқий давоми бўлмиш ОАВ ходимлари билан учрашув бўлиб ўтди. Камина ҳам MA-News Agency вакили сифатида хабар топиб бордим.

Аввало, мени ҳайратга солган 1-2 та масалаларни айтиб ўтсам:

5 та партия вакиллари билан савол-жавоб қилинди. Партияларнинг вилоятдаги раҳбарлари билан эмас, қайтараман аъзолари билан. Бу табиийки, ҳайратланарли. Нега?! Нега Фарғона вилоятдаги раҳбарлари билан эмас, уларнинг вакиллари билан савол-жавоб бўлди?

Кейинги қизиқ ҳолат, журналистларимиз қайси байроқ остида ҳаракат қилаётганликларидир. Айрим блогерларимиз ва журналистларимиз партияларнинг рамзий ленталарини тақиб олишгани бўлди.

Менинг назаримда, журналист қайсидир партиянинг тамсилчиси бўлиши керак эмас. Акс ҳолда у ўз аудиториясини холисликдан чалғитиб қўяди. Қайсидир партия билан PR масаласида келишиши журналистикада бор гап. Лекин қайсидир Партия номидан гапириши ростдан мен учун тушунарсиз ҳолдир.

Яна бир ҳолат - регламент масаласи бўлди. Мен ҳар бир партия вакилига ажратилган вақтга эътибор бердим. Уларнинг ичида энг оз вақт гапиргани ЎзЛиДеП вакили бўлди. Ундан кейин ЭкоПартия вакили турибди. Яъни бу икки Партия вакиллари қолган 3 та вакилдан кам гапирдилар. Ҳолбуки, ҳар бир спикерга 3 дақиқадан вақт ажратилган эди. Вакилларнинг гапиришлари ёзиб олинган.

Фурсатдан фойдаланиб, айрим журналист ҳамкасбларга айтар сўзим, бошқа журналистларда ҳам савол борлигини инобатга олиш керак. Битта масалани ушлаб олиб 4-5 марта шу мавзуни қайтариш билан ҳам вақт ютқазилади, ҳам бошқа савол берувчи коллегаларга ҳурматсизлик бўлади. Яъни саволларни фақат мен берей дейиш керак эмас. Пресс-конференция қоидалари бор. Сиз ўзингиз суҳбатлашмаяпсиз улар билан.

Вақт оз қолаётганини ҳисобга олиб 2 та Партияга савол беролдим, холос. Улар қуйидагилар

ХДП вакилига cаволим: — Сизларнинг Тошкентдаги етакчингиз Улуғбек Иноятов Тошкентда 5 кишилик оиланинг боқувчиси 1 киши бўлса, 2,5 млн сўм бир ойга етади деб айтди. Тошкентдаги бошқа бир ХДП фаоли эса талабалар стипендияси 400 минг эканига ишора қилиб, "400 минг сўм картошкага етади, холос" деганди. Сизнингча, Фарғонада 5 кишилик оила учун 1 ойлик харажат қанча сўм бўлиши мумкин?

УзЛиДеП вакилига: — Сиз мажоритар сайлов тизимидан пропорционал сайлов тизимига ўтиш тарафдори эканликларингизни айтдингиз. Келгуси 5 йилда шу тизимга ўтиш учун қадамлар қўймоқчисизлар. Бу Сизларда номзодлар етишмовчилигидан келиб чиқдими? Бунда фуқаролар эмас, ҳудудлар учун курашиладими? Мисол учун Олтиариқ тумани ЛиДеПга, Риштон ХДПга, Бағдод Миллий Тикланишга дегандекми?

Айтиш керакки, ХДП вакили аниқ бир суммани айтмади, бу эҳтиёждан келиб чиқади деб жавоб берди. УзЛиДеП вакили эса ушбу саволга тайёр эмаслигини, кейинги сафар борсам, албатта жавоб беришини билдирди.

Айримлар учун эслатма, Ўзбекистонимиз мажоритар сайлов тизимини тан олади. Яъни, кўпчилик овоз ҳал қилиш усулини маъқуллаганмиз. Бу ҳақда келгусида албатта ёзиб тушунтираман.

Мени ўқийдиганларга қайтаришдан чарчамайман: биз сиёсатга сайловлардагина таъсир ўтказа оламиз. Бугун сайловларга, номзодларга бефарқ бўлсак, кейинги 5 йил биз "сайлаган" одамларимиз биз учун қонун чиқарадилар. Ҳисобингизни олинг. Кейин нега уларнинг кучи йўқ деб гапириб юманг.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан