Валюта курси: Ўз.Р.Марказий банки
USD
АҚШ доллари
EUR
Eвро
RUB
Россия рубли
Sayt test rejimida ishlayapti!!!

Сўнгги янгиликлар






Бизда дискриминация ва камситиш борми?
1.06.2020 12:33,  
1718

АҚШда ирқчилик ҳақида гап кетганда кўп ўзбекистонликлар бизда ирқчилик ва келиб чиқишга нисбатан дискриминация, камситиш йўқдек қабул қилишяпти.

Аслида бундай эмас, бизнинг жамиятда ҳам келиб чиқишига қараб камситиш ва дискриминация жуда кўп. Ҳатто давлат томонидан қилинадиган дискриминация ҳам мавжуд. Оддий мисол, Ўзбекистонда ихтиёрий фуқаро хоҳлаган жойида яшаш ҳақи йўқ эди. Яъни, туғилган жойидан ва оиласидан келиб чиқиб, бизнинг жамият ким қаерда яша олиши, қаерда неча кун тура олиши белгилаш тизими мавжуд эди. Ҳозир бу тизим деярли бекор қилинди, лекин тўлиқ бекор қилингани йўқ. Бу дискриминациянинг яққол мисоли. Чунки бу тизим одамларнинг қаерга бориши ва қаерда яшашини белгилаб берар эди.

АҚШда қуллик йўқ бўлганидан кейин одамлар ихтиёрий жойда яшаши қонуний бўлиб қолди. Лекин масала ҳал бўлмади: уй сотиб олишда қоратанлиларга уй қурувчилар сотмаслик ҳақи бор эди. Буни йўқ қилиш учун ва жамиятда дискриминациянинг олдини олиш учун 1970 йилларда бир қатор қонунлар қабул қилинди.

Собиқ Иттифоқда прописка тизими туфайли фуқаролар ихтиёрий жойда яшай олишмаган, яъни қаттиқ дискриминацияга учрашган, лекин 1992 йилдан кейин Россияда бу тизим тугатилди.

Мен прописка тизимини тугатиш кераклиги ҳақида Собиқ Иттифоқ тугатилганидан 26 йил кейин ёзганимда ҳам аксарият қарши чиқувчи одамлар, айнан маҳаллийчилик сабаби деб бунга қарши ёзишган. Ўшанда Фейсбукда изоҳлар, шахсийга келган қатор жаҳл устида ёзилган изоҳларни кўрганимда, маҳаллийчилик қанчалик ривожланганини кўрганман. Ҳозир ҳам ўша мақолалардаги изоҳларни кўрсангиз бўлади. Яъни, бу нарса, ҳам давлат ҳам жамият томонидан нормал ҳолат деб қабул қилинар эди.

Масалан, прописка масаласида "Буюк Келажак" форуми давомида юқори лавозимдаги давлат ишчиси билан гаплашганда, у бу жиноятларни ошириб юборади ва ҳоказо деган эди ва мисол тариқасида Хитойдаги прописка ҳақида айтган эди, ўшанда ичимда яхшиям Шимолий Кореяни айтмади деб ўйладим.

Тана рангидан эмас, лекин энг камида келиб чиқиш бўйича камситиш ва дискриминация бизда жуда ривожланган.

Аслида ҳар бир инсон ўзини одам ажратадиган деб кўришни хоҳламайди, лекин бошқа бир гуруҳ одамлар учун ҳақлари чекланиши тарафдори бўлсангиз, билишингиз керак, бу айнан одам ажратаётганингиз учундир. Шунинг учун ҳам прописка тизимини афзалликлари бор, деб афзалликларини рўкач қилганлар, аслида ўзидаги хунук ҳиссиётларини рационаллаштириш учун қилинадиган уринишлари бўлиши мумкин.

Мен бу ҳақида Гитлер пайтидаги нацистлар тўғрисидаги тадқиқотлардан биламан. Бошида, яҳудийларга қарши қилинадиган дискриминацияни нацист офицерлар ҳам ўзи учун «афзаллик»лари бор деб айтишган. Мен учун эсда қоларлик рационаллаштириш шундай:

Нацистлар ҳокимиятга келганидан озгина ўтиб, Германиядаги яҳудийлар шаҳар чеккасига олиб чиқилган, марказда яшаши тақиқлаган, шунда яҳудийларни кўчираётган, кейин эса улар яшайдиган жой теварак-атрофини, кириб-чиқишини назорат қилган офицерлар ўзларининг қилаётган ишига ҳам рационаллаштириш топишган. Ўша офицерлар фикрига кўра, улар яҳудийларни шундай девор орқасида ушлаши, кириш-чиқишда ҳужжатларни текшириши ва шаҳарларда яшашни тақиқлаши, яҳудий аҳоли хавфсизлиги билан боғлиқ деб ўзларига айтишган. Ўша пайт Европада яҳудийларга қарши «погром»лар бўлар эди, ўшанда халқ кўтарилиб, яҳудийларнинг уйларини ёқишар эди, одатда полиция аралашмасди. Қисқаси, офицерлар бу қилган жирканч ишини, «погромларни» олдини олиш деб ўзига баҳона қилишар эди.

Бу ерда сабоқ шундаки, энг жирканч ва хунук ишда ва фикрда ҳам одам ўзига ўзи баҳона топиб иш қилади.

Бизда прописка йўқ бўлишига қарши хавфсизлик нуқтаи назаридан гапирганлар ҳам, ўзларини маҳаллийчилик қиладиган, одамларни келиб чиқиши бўйича камситадиган деб ўйлашмайди. Шунинг учун ўзларига олийжаноб баҳона излашларига тўғри келади.

Бу нарсаларни ёзганимнинг асосий сабаби, одамларни ёмон дейиш, ёки хатосини айтиш эмас. Маъно шундаки, бизда ирқчилик, дискриминация ва келиб чиқиш бўйича камситиш йўқ деб ўйлашимиз жамиятдаги бу муаммоларимизни еча олмасликка олиб келади.

Мен албатта дискриминация ва камситиш бўйича мутахассис эмасман, лекин камситиш ва дискриминация иқтисодиётимиз учун жуда катта зарар эканлигини айтиш керак. Прописка ҳақида ёзган мақолаларда ҳам, қанчалик прописка бизга қимматга тушгани ҳақида ёзган эдик.

Камситишни бошқа жабҳаларда ҳам учратиш мумкин. Масалан, шеваларни устидан кулишда, рус тилидаги сўзларни талаффузида ва келиб чиқишини камситишганда. Яъни, маиший камситиш ҳам бизда жуда кўп учрайди.

Оддий мисол: бизда «қишлоқи» деб қишлоқдан, яъни шаҳарда яшамайдиган одамларни камситишади. Ўзи аслида одамнинг келиб чиқиши қишлоқдан бўлиши камситиш сўзи эмас, лекин биз бу сўзни фақат негатив контекстда кўп ишлатганимиздан, бизда яхши маънода «қишлоқи» сўзини ишлатиш мумкин эмас бўлиб қолган. Бунинг тескариси, «шаҳарлик» сўзи нейтрал, яъни кимнидир шаҳарлик деб чақириш ҳақорат эмас.

Маиший камситишлар вектори, имкониятлар кўпроқ жойдан камроқ жойга интилади: Тошкентдагилар бошқа вилоятдан келганларни камситишади, шаҳарларда яшовчилар эса шаҳарда яшамайдиганларни камситилади, ҳатто, район марказида яшайдиганлар, марказида яшамайдиганларни ҳам камситишади. Оддий маиший алоқаларимизда ҳам буни кўп сезиш мумкин. Мен кўп эшитган иборалар, “у ўзи қишлоқдан, лекин яхши одам”, “тошкентлик бўлмаса ҳам, жуда маданиятли” яъни жамиятда стереотиплар жуда кучли.

Бунинг иқтисодиётга бевосита алоқаси бор. Яқинда бир тадбиркор менга ўз бизнес шериги ҳақида шундай деди: “мен у болага ишонаман, яхши, тошкентлик бола”.

Қисқаси, иқтисодиётда ресурслар энг катта даромади бўйича тақсимланиши керак, агар дискриминация қилсак, ресурслар нотўғри тақсимланишига олиб келади. Тошкент пропискаси қанчалик ёмон бўлса, қанчалик катта иқтисодий шикаст етказса — шеваси, келиб чиқиши, эътиқоди, жинси ёки тана ранги деб одам ишга кира олмаслиги шунчалик ёмон. Бундай ҳолатда жамиятнинг иқтисодий йўқотишлари жуда катта бўлади.

Лекин бу масалани тескари тарафи, маиший камситишларга қарши кураш жуда қийин ва узоқ муддат талаб қилади. Лекин энг камида, қонун олдида ҳамма бир бўлишини таъминлаш ҳаракат қилиш мумкин. Яъни Тошкентликлар вилоятликларни камситиши тўхтаб қолишини кутиш қийин (умидим бор албатта), лекин энг камида ихтиёрий Ўзбекистон фуқароси ихтиёрий ҳудудда яшаши, ишлаши ва сафар қилинишини таъминлаш унчалик қийин эмас.

Камситишнинг барча турларига қарши курашиш жамиятда рақобатга ва тараққиётга олиб келади. Энг муҳим нарса — одамнинг хусусиятлари унинг имкониятларини чекламаслиги керак.

Ўзбекистонда жисмонан қийинчилиги бор одамлар, масалан юриш, эшитиш, кўришга қийналадиган фуқаролар ҳуқуқлари ҳақида менга Дилмурод Юсуповни мақолалари ёқади. Юсупов ҳам, шундай одамлар учун, ўқиш ва ишлаш имкониятлари чекланганлиги ҳақида гапиради. Бунинг устига, аёллар учун ҳам бизда имкониятлар тенг эмас, бу ҳақида ҳам кўпчилик ёзади. Мен нотўғри деб билган нарса, аёлларнинг кийимига қаратилган камситишлар уларни жамиятдаги имкониятларини чеклаб қўйиши. Масалан, рўмол кийган аёл университетда ўқиш имконияти йўқ. Худди шундай, аёл санъаткор калта кийим кийса, унинг ҳам фаолиятига чеклов қўйилади. Бу икки нарса ҳам албатта табақалаш ва мутлақ ёмон дискриминация. Лекин, аёл ҳақларини ҳимояловчилар биринчи ҳол ҳақида деярли гапиришмайди. Худди прописка келиб чиқиши бўйича имкониятларни чеклагани каби, эътиқодига қараб имкониятларни чеклаш албатта яхши эмас.

Яна бир нарса, одамнинг ёшига қараб имкониятини чеклаш. Пенсия ёшига етган одамларга ишга жойлашиши қийин ва яқин-яқингача солиғи жуда катта эди. Яъни, агар пенционер ишласа, жуда катта солиқ тўлашига тўғри келар эди. Бу ҳам имкониятларни одамнинг хусусиятларига кўра чеклаш. Агар ёши катта одам, ўз ишини яхши қилса, фақат ёши учун уни ишдан бўшатиш жуда нотўғри деб биламан. Яъни, пенсия мажбурий эмас, ихтиёрий нарса бўлиши керак ва одамнинг ёши — имкониятлар учун тўсиқ бўлиши керак эмас.

Хуллас, АҚШдаги воқеалар биздаги ҳар кунги камситишлар ҳақида фикрлашимизга чорлашини хоҳлар эдим.

Тавсия этамиз






Тавсия этамиз

Ҳар доим хабардор бўлинг!

carzone.uz мобил иловаларини кўчириб олинг ва барча янгиликлар сиз билан