Бизга вакцина йўқ — Алишер Қодиров коронавирусга қарши вакцина Ўзбекистонга етмаслигидан хавотирда

Бизга вакцина йўқ — Алишер Қодиров коронавирусга қарши вакцина Ўзбекистонга етмаслигидан хавотирда

Кеча Коронавирусга қарши курашиш Республика комиссиясининг мажлиси бўлиб ўтди. Вакцина масаласи муҳокама қилинди, дея хабар бермоқда депутат Алишер Қодиров.

«Мамлакатимизда микробиология соҳасида дунё эътироф этадиган олимлар борлиги ва уларнинг фикрлари дунёда давом этаётган ўрганишларда аҳамиятли бўлаётганига хурсанд бўлдим. Улардан бири, Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Ўзбекистонда Хитойнинг Зижилонг вакцинасини клиник синов натижалари бўйича тақдимот қилди.

Шахсий хулосаларим ҳақида икки оғиз айтмоқчиман.

Дунёда вакцина бизнеси бошланган. Ҳамма ўз вакцинасини ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Кимдир ёпиқ, кимдир очиқ босим билан, кимдир илмий ҳамкорлик орқали. Комиссия ҳар қандай босим таъсирига берилмаган ҳолда энг хавфсиз вакцинани танлаш учун ҳаракат қилаётганига, мен шахсан тўлиқ ишондим.

Бугун дунёда 200 га яқин вакцина устида ишланаётган бўлса, Жаҳон соғлиқ ташкилоти биттагина вакцинани рўйхатдан ўтказибди - АҚШнинг Pfizer компанияси вакцинаси. Тушунарли. Лекин бу вакцинани энг яхшиси эмаслигини билиш учун натижаларга қараш етарли бўлди.

Биз Хитойнинг Зижилонг, Россиянинг Спутник V, Британиянинг Астразанека ва Ҳиндистоннинг Бхарата Бионтек вакциналарини ўрганяпмиз. Хитой вакцинасини ишлашда бизнинг олимлар ҳам фаол иштирок этгани учун ушбу вакцина номланишида -УЗ қўшимчаси қўшилмоқда.

Бу соҳада билимдон эмасман, лекин тушунганларимни айтмоқчиман.

Вакциналар 2 хил бўлади:

а) Вируснинг ўзидан олинган вакцина (Спутник V). Тирик хужайрадан иборат вакцина кутилган вазифани бажарганидан кейинги узоқ даврда ўзини қандай тутишини билмаймиз. Яъни, вакцина қилинган одамнинг фарзандида қандайдир кутилмаган ген пайдо бўлиб қолмаслигига кафолат берилмаган;

б) Ген муҳандислиги натижасида олинган вакцина (Зижилонг, Астразанека). Бу вакцинада фойдаланилган генлар юкланган вазифани бажарганидан кейин фаолликни тўхтатади ва танадан чиқиб кетади.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 7 мингдан ортиқ одам шу вакцина билан эмланибди. Ижобий натижалар ҳақида шахсан эмланганлар айтиб беришди.

Бундан ташқари айрим вакциналарни ташиш ва сақлаш унча-мунча давлат ташкил қилиши қийин бўлган жиддий тизим талаб қилади. Масалан, вакцинани сақлаб туриш учун -80 даража совуқ ҳарорат таъминлаш, фойдаланишга тайёрлаш учун 2 кунлик махсус жараён зарур (Pfizer). Сақлаш муддати ҳам чекланган. Катта пулга олиб келинсаю, одамлар вакцинани рад этса нима бўлади? Ҳамкорликда ишлаб чиқариш бўйича таклифлар рад этилмоқда.

Яна муҳим томони, ҳамма вакцина ишлаб чиқараётганлар реклама учун шовқин кўтаряпди, лекин «вакцина бер, пули нақд» деган таклифларга жавоб йўқ. Масалан, Россиянинг "Спутник V” вакцинаси бўйича олимларимиз жойида ўрганиб келишди, ҳали вакцинани кўп миқдорда ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган. «Сиз вакцинани реклама қилаверинг, биз сизга етказиб берамиз» қабилидаги насия гаплар. «Ўзбекистон бизнинг вакцинадан фойдаланяпди», деган гап учун бир қути вакцина билан ташрифни ҳам кўрдик.

Қисқаси, олармон пул тўламаса вакцина ишлаб чиқарувчилар харажат қилмоқчи эмас. Жаҳон соғлиқ ташкилоти эса бор вакцинани шароити оғир минтақаларга биринчи бўлиб етказиб бериш тарафдори. Бу АҚШ билан Европа бўлса керак, тахмин қилиш қийин эмас. Ўзбекистон шароити мўътадил давлат эканлиги сабабли, бизга вакцина йўқ. Демак, ўзимиз учун ҳаракат қилишимиз керак.

Давлат раҳбари томонидан аҳолини вакцина билан таъминлаш учун барча чоралар кўриш бўйича кўрсатма берилган. Комиссия реал ҳолатдан келиб чиқиб яқин кунларда масалани халқ вакиллари билан муҳокама қилмоқчи», дейди у.