"Бизни қул қилиб сотиб юборганмисизлар?" сарлавҳаси остида тарқалган видеомурожаат юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати расмий муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда "Андижонда бўлиб ўтган “Бизни қул қилиб сотиб юборганмисизлар?” сарлавҳаси остида тарқалган видеомурожаат юзасидан Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати қуйидагиларни маълум қилади;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “ХАВФСИЗ, ТАРТИБЛИ ВА ҚОНУНИЙ МЕҲНАТ МИГРАЦИЯСИ ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ҚИЛИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА” ги 2020 йил 15-сентябрдаги ПҚ-4829 сонли Қарорига асосан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Андижон вилояти филиали томонидан 2021 йил 24 июль ҳолатига 1081 нафар фуқаролар хорижий давлатларга шартнома асосида расмий ишга жойлаштирилган. 

Жумладан, Россия Федерациясининг Карачаево Черкессия республикаси ҳудудида жойлашган “Агрокомбинат Южный” корхонаси ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасида 2021 йил 14 июнь куни имзоланган шартномага асосан иссиқхона ишчиси вазифасига вақтинча ишсиз бўлган фуқароларни ишга юбориш ишлари ташкиллаштирилган. 

Хусусан, Агентлик Андижон филиали томонидан жори йилнинг 

 23 июнь куни 63 нафар, 30 июнь куни 21 нафар, 4 июль куни 16 нафар, 

 14 июль куни 42 нафар жами 142 нафар фуқаролар “Агрокомбинат Южный” корхонасига ишлаш учун етиб борган.

Фуқаролар таклиф иш ўринлари хақида маълумотларни эълонлар орқали эшитиб, ўқиб, ўз розилиги билан миграция агентлиги филиалларига мурожаат қилишади.

Мазкур иш берувчи томонидан ишга жалб қилинаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига иш хаққидан узиш шарти билан аванс тариқасида авиачипта сотиб олиш ва келгусида Россия Федерациясига қонуний меҳнат фаолиятини амалга оширишлари учун зарур бўлган патент хужжатларини расмийлаштириш харажатлари учун маблағ ажратилган. 

Шунингдек, Иш берувчи томонидан ишга жалб қилинаётган фуқароларимизга бепул ётоқхона, овқатланиш учун хар ойда иш хаққидан ташқари 2000 рубль миқдорида компенсация пули, шунингдек фуқароларимизни ётоқхонадан иш жойига ҳамда шахсий эътиёжлар учун савдо сотиқ қилишга олиб бориб келиш учун махсус автобуслар ажратилган.

Фуқаролар Россия ҳудудига етиб боргандан сўнг 3-7 иш куни ичида миграция рўйхатидан ўтишлари, шундан сўнг патент хужжатлари расмийлаштириш учун, тиббий кўрикдан ўтиш, суғурта қилиш, рус тилидан тест топшириш ва сертификат олиш жараёнларидан ўтишлари керак. Ушбу жараёнларни амалга оширишда фуқаролармиизга ёрдам тариқасида иш берувчи томонидан кадрлар бўлими ҳодимлари ва транспорт воситалари ажратилган. Россия Федерациясининг миграция қонунчилигига асосан патент расмийшлаштирилгунга қадар Ўзбекистон Республикаси фуқароларини расман меҳнат фаолитини амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас. Шу сабабли иш берувчи томонидан фуқароларимизни иш жойи ва иш жараёни билан таништириши, шунингдек иш ўрганиши учун шароит яртиб беришлари мумкин. 

“Агрокомбинат Южный” корхонасида фуқароларимизни соғлигини ва хавфсизлигини таъминлаш учун барча шароитлар ташкил этилган, хусусан, корхона ҳудудида тиббиёт маскани фаолияти йўлга қўйилиб алохида тез ёрдам машинаси ажратилган. 

Видео мурожаат юборган фуқаролар 14 июль куни иш жойига етиб боришган, 16 июль куни ушбу видео мурожаатни агентлик Андижон филиалига юборишган. 

Фуқароларга ушбу ҳолат юзасидан иш берувчи билан агентликнинг тегишли бўлимлари музокаралар ўтказиб, расмий ахборот берилишини, шунингдек, фуқароларимиз бир ой давомида ишлаган иш хақларида нохақлик бўлган тақдирда иш хақлари иш берувчидан тўлиқ ундириб берилиши кафолатланиши хақида тушунчалар берилган. 

Маълумот учун: видео мурожаатни йўллаган фуқаро 1982 йилда туғилган Андижон шаҳар, Пахтаобод МФЙ, Деҳқончилик кўчасида яшовчи Бахрамов Шохижахон Жалолдинович 27 июль кунига Россия Федерациясидан уйига қайтишга авиачипта олинган.