«Бизни қул қилиб сотиб юборганмисизлар?» видеомурожаатини Сенат ўрганиб чиқди

«Бизни қул қилиб сотиб юборганмисизлар?» видеомурожаатини Сенат ўрганиб чиқди

Хорижлик ватандошларимизнинг ижтимоий тармоқлар орқали «Бизни қул қилиб сотиб юборганмисизлар?» деб қилган видеомурожаати юзасидан Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан ўрганиш олиб борилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Қолаверса, Қўмита томонидан ушбу масала юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига сўров ҳам юборилганди.

Ўрганиш натижалари ҳамда олинган маълумотларга кўра, қуйидагиларни маълум қилади:

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва Россиянинг Карачаево-Черкесия Республикасидаги «Южный Агрокомбинат» АЖ ўртасида 2021 йил 14 июнь куни келишув шартномаси имзоланган. Шартнома шартларига мувофиқ, 400 нафар фуқаролар қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаши учун иш берувчи томонидан танлаб олиниши, ишга жалб қилиниши ва уларинг ойлик маошлари 33 минг рублдан 50 минг рублгача ташкил этиши белгиланган.

Фуқароларнинг авиачипта ва ҳужжатларни расмийлаштириш (патент) харажатлари иш берувчи ҳисобидан тўланган, ушбу харажатлар кейинчалик фуқароларнинг ойлик маошларидан қисман ушлаб қолиниши, фуқаролар 1 йил ишласа, ушлаб қолинган харажатлар иш берувчи томонидан тўлиқ қоплаб берилишига келишилган.

Жорий йилнинг 16 июнь куни иш берувчи ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Андижон вилояти филиали томонидан танлов ўтказилиб, 150 нафар фуқаролар танлаб олинган ҳамда 23 июнь куни 63 нафари, 29 июнь куни 22 нафари, 4 июль куни 16 нафари ва 5 июль куни 42 нафари «Южный Агрокомбинат» АЖга меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун юборилган.

Фуқаролар иш жойига етиб борганидан сўнг, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига телефон орқали меҳнат ва яшаш шароитлари ноқулайлиги ҳамда паспорт ҳужжатлари иш берувчи томонидан олиб кўйилганлиги тўғрисида бир қатор мурожаатлар келиб тушган.

Шу сабабли, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи ўринбосари бошчилигида Ишчи гуруҳ тузилиб, жорий йилнинг 14 июль куни Россия Федерациясига учиб борган ва мазкур корхонада бўлди.

Ишчи гуруҳ корхона раҳбарияти ва фуқаролар билан учрашиб, уларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалар бўйича музокара олиб борган.

Иш берувчи фуқароларнинг паспортлари миграцион қайдга қўйиш ва ишлаш учун патент расмийлаштириш мақсадида олинганлиги ҳамда фуқароларнинг биринчи талаби билан қайтариб берилиши маълум қилинди.

Корхона раҳбари ўзбекистонлик ишчилар билан меҳнат муносабатларини қонунга мувофиқ расмийлаштириши, барча шароитларни яратиб бериши ҳамда бугунги кунда яна 500 нафар қўшимча ишчи кучи жалб қилиш режаси борлигини маълум қилган.

Ҳозирги кунда мазкур корхонада 155 нафар Ўзбекистон фуқаролари меҳнат фаолиятини амалга ошираётганлиги, шундан 46 нафари 2019 йилдан буён Самарқанд вилоятидан келиб ишлаётганликлари ва 109 нафари Андижон вилоятидан жорий йил июль ойида келганлиги маълум қилинди.

Ишчи гуруҳ корхона раҳбарияти билан Ўзбекистон фуқароларининг яшаш ва меҳнат шароитларини яхшилаш, ойлик маошларини ўз вақтида тўлаб бериш ҳамда ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнини тезлаштириш бўйича келишув далолатномасини расмийлаштирган.

Корхонада ишлаётган Ўзбекистон фуқароларига ушбу келишувнинг мазмун-моҳияти, ойлик маошларини тўлаш тартиби, иш вақти ва ҳужжатлар расмийлаштириш жараёнлари тушунтирилган. Жумладан, фуқаролар видеомурожаатида айтиб ўтилган 125-130 рубль миқдоридаги маош бир кунлик эмас, балки бир соатлик иш ҳақи эканлиги маълум қилинган.

Шунингдек, юқорида қайд этилган видеомурожаат бир соатга тўланадиган иш ҳақи бир кунга берилади деб, нотўғри тушуниш оқибатида жорий йилнинг 15 июль куни, яъни мурожаат ёзган фуқаролар иш бошлаган биринчи кунида олинганлиги маълум бўлган.

Бугунги кунда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва унинг Россия Федерациясидаги ваколатхонаси томонидан ушбу корхонада фаолият олиб бораётган фуқаролар билан мунтазам равишда алоқа ўрнатилиб, уларнинг яшаш ва ишлаш шароитлари доимий назоратга олинган, 2021 йил 29 июль куни корхонага такроран ишчи гуруҳ хизмат сафарига юборилган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда юкоридаги видеомурожаат жойлаштирилганидан бир кун ўтиб унинг муаллифи Н.Назиров томонидан мурожаатдаги важлар асоссизлиги ва англашилмовчиликлар бўлганлиги тўғрисидаги мурожаат ижтимоий тармоқларга жойлаштирилган.

Шу билан бирга, фуқароларни ташкилий ишга жойлаштириш жараёнида камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Андижон филиали раҳбари У.Юлдошев билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, деб ёзади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.