Блогер Отабек Сатторийнинг апелляция суди жабрланувчиларнинг ҳимоячиси соғлиғи ёмонлашгани боис қолдирилди

Блогер Отабек Сатторийнинг апелляция суди жабрланувчиларнинг ҳимоячиси соғлиғи ёмонлашгани боис қолдирилди

Сурхондарё вилоятида блогер Отабек Сатторийга оид апелляция суди бўлиб ўтди  дея хабар бермоқда Олий суд ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, 29 июнь куни соат 11:00 да Сурхондарё вилоят суди биносида судланувчи О.Сатторийга оид жиноят ишини апелляция инстанциясида кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди.

Мазкур жиноят иши Самарқанд вилоят судининг апелляция судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 2021 йил 10 майдаги ҳукмига кўра, О.Сатторий Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) 3-қисми «а», «г» бандлари ва 165-моддаси (товламачилик) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга Жиноят кодексининг 57-моддаси (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаб, 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61-моддаси (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари)га асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 6 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Бугунги суд мажлисида судга раислик қилувчи Самарқанд вилоят суди судьяси И.Ҳамидов томонидан суд таркиби эълон қилиниб, ҳозир бўлган суд иштирокчиларига уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тушунтирилди.

Шундан сўнг тарафларда судлов ҳайъати таркибини рад қилишга оид арзлар ёки илтимослар бор ёхуд йўқлигига аниқлик киритилди. Судланувчи О.Сатторий прокурор ва судлов ҳайъати таркибига раддия билдирди. Унинг раддияси тарафларнинг фикри ўрганилган ҳолда ҳал этилиб, қаноатлантирилмасдан қолдирилди.

Шунингдек, судланувчи О.Сатторий ва унинг ҳимоячиси Ш.Холмуродов судга илтимоснома киритиб, судланувчи О.Сатторийнинг отаси А.Сатторийни ҳимоячи сифатида иштирок этишга рухсат берилишини сўради. Ушбу илтимоснома Жиноят-процессуал кодексининг 423-моддаси (суд мажлисида ажрим чиқариш тартиби) тартибида ҳал этилиб, қаноатлантирилди ҳамда А.Сатторий ҳимоячи сифатида ишда иштирок этишга жалб қилинди. Унга Жиноят-процессуал кодексининг 53-моддаси (ҳимоячининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари)да назарда тутилган ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари тушунтирилди.

Шунингдек, суд муҳокамасининг тайёрлов қисмида жабрланувчи Т.Шопулатов ва Ў.Турдиевнинг ҳимоячиси «Сурхон Адолат ҳимояси» адвокатлик бюроси адвокати С.Маматқулованинг соғлиғи ёмонлашгани боис суд муҳокамасини кейинга қолдириш тўғрисидаги, судланувчининг ҳимоячиси Тошкент шаҳар «Адолат сари» адвокатлик бюроси адвокати Ш.Холмуродов ишга янгидан киришганлиги сабабли жиноят иши ҳужжатлари билан танишиш, суд муҳокамасига тайёргарлик кўриш учун зарур вақт берилишига оид илтимослари кўриб чиқилди. Илтимосномалар асосли эканлиги инобатга олиниб, кейинги суд мажлиси 2021 йил 30 июнь куни соат 10:00 га қолдирилди.

Суд муҳокамаси очиқ мажлисда ҳамда ошкора кўрилганлиги сабабли оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар ёки бошқа шахсларнинг суд мажлисига киришига монелик қилинган ҳолатлар юз бермади.

«Ижтимоий тармоқларда очиқ ва шаффоф тарзда бошланган ушбу суд мажлисига ОАВ вакиллари, мустақил журналист ва блогерлар киритилмади, деган мазмундаги асоссиз хабарлар тарқатилмоқда.

Ваҳоланки, суд жараёни Ўзбекистон Олий суди Пленумининг 2020 йил 21 февралдаги «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги қарори талабларига тўлиқ риоя этган ҳолда ўтказилди. Суд мажлисига кечикиб келган ҳамда жараённи аудио ёки видеоёзувга олиш учун белгиланган тартибда илтимоснома киритмаган айрим журналист ва блогерлар юқорида номи қайд этилган қарор билан яна бир карра танишиб чиқсалар, фойдадан ҳоли бўлмасди.

Ўз навбатида, очиқ ва шаффоф тарзда бошланган ушбу суд жараёнига оид асоссиз хабарлар тарқатиш судьялар фаолиятига босим ўтказиш эканини, бундай ҳаракатларга нисбатан қонуний жавобгарлик муқаррарлигини яна бир карра эслатиб ўтамиз», – дейилади хабар якунида.